Давлат активларини хусусийлаштириш, аввало, чет эллик инвесторларга сотиш вазифалари қўйилди ва бунинг учун тегишли шароитлар яратилди.
Масалан, 506 та мулк комплекси танлов асосида, инвестиция киритиш шарти билан «ноль» қийматида янги мулкдорларга сотилди. Бу борада ана шу инвесторлар қарийб 1 триллион сўм ва 40 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, шунингдек, 22 мингга яқин янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олганини қайд этиш лозим.
Шу билан бирга, 245 та кам рентабелли ва фаолият кўрсатмаётган ташкилот тўлиқ тугатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида қайд этилди.
Хусусийлаштириш дастурида кўзда тутилган, фойдаланилмаётган ва қурилиши тугалланмаган 353 та давлат мулки объекти бузилиб, бунинг натижасида 120 гектар ҳажмидаги ер майдони бўшади. Бу ерларнинг қарийб 80 гектари ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш ва хизматлар кўрсатиш объектлари қуриш учун тадбиркорлар тасарруфига берилди.
Давлат мулки шаклидаги яна 319 та ана шундай объект инвентаризация қилиниб, хусусий мулк шаклига ўтказиш учун савдога қўйилди ва ўтган йили уларнинг 102 таси янги мулкдорларга сотилди. Бундан ташқари, 378 та акциядорлик жамиятининг давлат улуши баҳоланди ва чет эллик стратегик инвесторларга сотиш учун очиқ савдога қўйилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, изчил ривожланаётган ва муваффақиятли фаолият юритаётган «Навоийазот», «Фарғонаазот», «Урганч экскаватор», «Қизилқумцемент», «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятлари каби корхоналар, «Алоқабанк», «Туронбанк» сингари банклар, «Ўзагросуғурта» компанияси ва бошқа муассасалардаги давлатга тегишли акциялар ҳам савдога қўйилди.
Шу тариқа 52 та акциядорлик жамиятидаги савдога қўйилган давлат улуши хусусий мулкдорларга сотилди.





