Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Бадиий академия ҳамкорлигида “Менинг армиям – менинг фахрим!” деб номланган танлов-кўргазма ташкил этилди.
Танловда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари, умумтаълим ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва ўқитувчилари, шунингдек, профессионал рассомлар, фотоусталари ўз ижодий ишлари билан иштирок этди.
Мазкур танловдан кўзланган мақсад Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, миллий армиямизнинг жамият ва давлат олдидаги ўрни ва аҳамиятини халқимиз, айниқса, ёшларга етказишдан иборатдир.
Кўргазмада 180 ижодкорнинг икки юздан ортиқ ижодий иши намойиш этилмоқда.
Ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.





