АсосийJamiyat

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган мансабдор шахслардан қарийб 62 миллион сўм жарима ундирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 ноябрдаги “Ҳар йили ёнғин хавфсизлиги ойлигини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ёнғин хавфсизлиги ойлиги уюшқоқлик билан ўтказилди. 

Ойлик давомида аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтириш, кенг кўламли тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этиш баробарида назорат профилактика ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, газ ва электр корхоналари вакиллари иштирокида 826 корхона-ташкилот, 708 умумтаълим мактаби, 307 мактабгача таълим муассасаси, Меҳрибонлик уйи ва мактаб-интернатлари, олий ва ўрта махсус таълим ҳамда тиббиёт муассасаларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича мониторинг ўтказилиб, аниқланган камчилик ва нуқсонлар бартараф этилди. 

– Ўтказилган рейдлар давомида 40 мингдан зиёд ҳовли-жой, мингдан зиёд кўпқаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши текширилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Улмурат Турдимуратов. – Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 846 нафар мансабдор шахс ва фуқарога нисбатан 61 миллион 948 минг сўм миқдорида жарима солинди. Ёнғин чиқиш хавфи бўлган 291 ишлаб чиқариш корхонаси ва омборхоналар фаолияти вақтинча тўхатилди. Носоз ҳолда бўлган 1 минг 581 газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди. Ёнғин содир бўлганда фойдаланиладиган ҳовузлар, гидрантлар, резервуарларнинг техник ҳолати ўрганилди.

Айни пайтда Янги йил байрами тадбирлари ўтказиладиган ҳудудларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бошқарма ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг шайлиги таъминланган.

    Бошқа янгиликлар