Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги ишлар кўламини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Қарорга мувофиқ, Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги ҳамда Лицензия учун давлат божи ставкалари, концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш учун бир маротабалик рухсатнома бериш тартиби ҳақидаги низомлар тасдиқланган.
Илгари тижорат ва реклама мақсадида ташкил этиладиган концерт-томошалари учун гувоҳнома берилган бўлса, энди ҳар бир ўтказиладиган тадбир сценарийси ва дастурлари мутахассислар томонидан ўрганилиб, бепул рухсатнома бериладиган бўлди. Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши томонидан яккахон ижрочиларнинг профессионал маҳоратини ошириш ва ижодини холисона баҳолаш мақсадида ҳар йили жонли ижро асосида маҳорат синовлари ташкил этилади. Синовдан ўтолмаган санъаткорлар 3 ойдан сўнг қайта имтиҳон топширади.
Тадбирда миллий анъана ва қадриятларимизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мос келадиган қўшиқ ва клиплар яратиш, ёш ижрочиларнинг маънавий оламини юксалтиришга қаратилган ишларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан ёш ижрочиларнинг хулқ-атвори, саҳна маданияти, қўшиқлар матни ва мазмунини янада бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда соҳа мутахассислари, санъаткорлар иштирокида маҳорат сабоқлари мунтазам ўтказилмоқда.
Матбуот анжуманида санъаткорларга лицензия бериш тартибини кучайтириш, ижрочиларга қўйиладиган талабларни ошириш, аҳолига маданий хизмат кўрсатишда уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб берди.





