Кеча 23 декабрь куни Саудия Арабистони жанубий-ғарбида жойлашган Жизон шаҳридаги шифохоналардан бирида ёнғин юз берди. Бу ҳақда “TASS” хабар берди.
Мамлакат фуқаро мудофааси хизмати маълумотларига кўра, 25 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.
“Жизондаги ёнғин оқибатида жабрланганлар сони 107 тага етди, 25 киши ҳалок бўлди”, — дейилади хабарда.
Ҳозирда барча жароҳатланганлар яқин ҳудудлардаги тиббиёт муасасаларига етказилган.
Ёнғин юзага келиш сабаблари ўрганилмоқда. Маҳаллий ҳукумат вакиллари ёнғин юзасидан текшириш ишларини олиб бормоқда.





