Пойтахтимизнинг бош майдони – “Мустақиллик” майдони, Чилонзор тумани Алгоритм даҳасидаги “Roison elektroniks” корхонаси олди ҳудуди ва “Хадра” майдонида 28 декабрдан эътиборан катта байрам тантаналари бўлиб ўтади.
Ҳозирда ҳар уч манзилда арчаларни ўрнатиш, савдо шохобчалари, турли аттракционларни жойлаштириш ишлари авжида. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Кўпчилик Мустақиллик майдонидаги арчанинг ўлчовлари билан қизиқади.
Мутахассисларнинг маълумот беришларича, “Мустақиллик ва эзгулик” аркаси олдида шу ҳафта якунига ясатиб бўлиши режалаштирилаётган арчанинг бўйи 26, диаметри 9 метрни ташкил қилади. Арча 1800 дона ўйинчоқ ҳамда “Тошшаҳарнур” ДУК томонидан чироқлар маржони (гирлянда) билан безатилади. Шунингдек, майдонда 24 та безатилган савдо ва 15 та енгил савдо шохобчалари хизмат кўрсатади.





