АсосийShou-biznes

Ўзбекистонлик актёр Голливудда “Юлдузлар жангги”да роль ижро этди

Асли ўзбекистонлик Рашид Шадад тахаллуси остида ижод қилувчи актёр Абдурашид Шодиев жаҳон киноюлдузлари иштирокидаги “Юлдузлар жангги: Кучнинг уйғониши” фильмида эпизодик роль ижро этди. Бу ҳақда Uz24.uz” хабар бермоқда.

Блокбастернинг Тошкент шаҳридаги премьераси 17 декабрь куни бўлиб ўтган эди.

Актёр мазкур картинада Жакку сайёраси вакили образини гавдалантирган. У фильмнинг бошида намоён бўлади. Шадад  5 ой мобайнида кастингларга қатнашгани ва фильм режиссёри Жей Жей Абрамс билан кўришганини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, съёмка жараёнларидан бирида режиссёр ундан актёрларга координаторлик қилишини сўраган.

Рашид Шадад шунингдек, “Бажариб бўлмас миссия” ва Жеймс Бонд ҳақидаги “Спектр” фильмларида ҳам кичик эпизодларни гавдалантирганини таъкидлаган. Бундан ташқари, актёр 2016- йилда  катта экран юзини кўрадиган Жейсон Борн ҳақидаги сериалда ҳам суратга тушган.

Ҳозирда Лондон шаҳрида яшаб, ижод қилаётган актёр “Илҳом” театр студиясида фаолият юритган эди.

    Бошқа янгиликлар