19 май куни тонгда Бокунинг Азадлиг шоҳкўчасида 16 қавватли турар жой биносида кучли ёнғин содир бўлди.
Маълумотларга кўра, йирик ёнғин оқибатида 16 киши қурбон бўлган, бу ҳақда Озарбайжон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Ҳалок бўлганларнинг уч нафари болалар. 54 нафар жабрланганлар касалхонага етказилган. Яна 10 киши воқеа жойида тиббий ёрдам олган.
Озарбайжон Бош прокурори Зокир Қоралов берган маълумотларга кўра, ёнғин бинонинг сифатсиз қоплама билан қопланганлиги оқибатида юзага келган. Ёнғин сабабларини аниқлаш учун ФВВ, ИИВ ва Бош прокуратура вакилларидан таркиб топган тергов гуруҳи тузилган.
1news.az’нинг хабар беришича, сешанба куни тонгда бошланган ёнғинни ўчиришга Ка-32 вертолёти жалб этилган.
“Жаҳон” ААнинг хабар беришича, 19 май куни Озарбайжон Фавқулодда вазиятлар вазири Камолиддин Ҳайдаров Тошкентда фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон ҳукумати билан келишув имзолаган. Ёнғин ҳақидаги хабарни эшитгач эса, зудлик билан Ватанига қайтган.








