Жорий йилнинг 19-23 май кунлари Корея Республикасининг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти ва Ча университети қошидаги Пундан Ча Госпиталидан жами 12 нафар мутахассис ва врачлар юртимизда бўлиб, туғма юрак нуқсони ташхисли бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади.
Шу билан бир қаторда делегация вакиллари тасдиқланган режага кўра Ўзбекистондаги Корея маданият марказлари Ассоциациясига, Сежонг номидаги корейс тили мактабига, “Ариранг” пансионатига, Ким Пен Хва номидаги музейга, Тошкент шаҳридаги Корея таълим марказига, Ўзбекистондаги Корея Республикаси элчихонасига ташриф буюришади.
20 май куни Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида Корея Республикасининг “Junior Chamber International – JCI” ва Ча университети қошидаги Пундан Ча Госпитали малакали шифокорлари ташриф буюриб, туғма юрак нуқсони ташхисли бемор болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади.
Ушбу тиббий кўрик натижаларига кўра оғир деб топилган бемор болалар Корея Республикаси нуфузли клиникаларида соғломлаштирилади.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.
Маълумки, Фонд бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳукуматимиз қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида бемор ва ногирон болаларни соғломлаштиришда қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг Пундан Ча университети госпитали, Ин Ха университети госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирилмоқда.
Фонднинг “Junior Chamber International – JCI” халқаро ёшлар ташкилоти билан 2010-2004 йиллардаги ҳамкорлиги давомида Ча Университети қошидаги Пундан Ча Госпиталида хайрия йўли билан жами 27 нафар Ўзбекистонлик болалар жаррохлик амалиёти ўтказилиши билан соғломлаштирилди.





