Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида Тошкент шаҳридаги Инха университетида ўтказилган видеоконференцияда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди, дея хабар беради ЎзА.
Видеоконференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини мазкур олий ўқув юртига ҳужжат қабул қилиш шартлари ва имтиҳон тартиби ҳақида хабардор қилиш, шунингдек, университетда яратилган шароитлар ва ўқув жараёни билан таништиришдир.
Тошкент шаҳридаги Инха университети вакиллари 2015-2016 ўқув йилида 250 нафар – компьютер инжиниринги йўналишига 120, дастурий инжиниринг йўналишига 130 талаба қабул қилинишини маълум қилди. Абитуриентлар ҳужжатларни 17 июлга қадар университетнинг расмий веб-сайти – www.inha.uz орқали онлайн режимида топшириши мумкин.
Имтиҳонлар инглиз тилида бўлиб ўтади. Имтиҳон топшириш учун абитуриентлардан 5 баллдан кам бўлмаган IELTS ёки 60 баллдан кам бўлмаган TOEFL IBT сертификатига эга бўлиш талаб этилади. Жорий йилда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари истаги инобатга олинган ҳолда, IELTS ва TOEFL IBT сертификатига эга бўлмаганлар учун университетда инглиз тили бўйича қўшимча имтиҳон ташкил этилади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун берилган топшириқларнинг камида 60 фоизини ечиш зарур.
Имтиҳонлар 3 май ва 5 июлда ўтказилади. Имтиҳондан ўтолмаган абитуриентларга қайта топшириш имконияти берилади. Математика ва физика фанлари бўйича имтиҳонлар 26 июль куни ёзма равишда бўлади.
Синовлардан муваффақиятли ўтган абитуриентлар тўлов-шартнома асосида ўқийди. Энг юқори балл тўплаган ўн нафар абитуриент университетга грант асосида қабул қилинади. Уларнинг ўқиши учун маблағни мамлакатимизнинг етакчи компаниялари тўлайди ва кейинчалик иш билан таъминлайди.





