Тошкент Молия институти ва Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Электрон журнал” ва “Электрон рейтинг” тизимларини жорий этиш бўйича тажриба олиб борилмоқда. Унинг натижаларига кўра, дастурий таъминот янада мукаммаллаштирилади ва ушбу тизимлар мамлакатимизнинг барча олий таълим муассасаларига тарқатилади. Бу ҳақда Uzbekistan Today ахборот агентлиги хабар беради.
“Электрон журнал” талабаларнинг машғулотлардаги давоматини ҳисоблашни электрон кўринишда бошқариш имконини беради. “Электрон рейтинг” эса талабаларнинг рейтингини аниқлаш ва уни бошқариш жараёнини автоматлаштиради.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутахассисларининг қайд этишларича, истиқболда ушбу тизимни мамлакатимизнинг барча олий ўқув юртларида муваффақиятли қўллаш учун ҳар бир аудитория компьютер билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ўқитувчи эса тасдиқланган жадвалга мувофиқ, тегишли жадвал устунларига маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Мутахассисларнинг маълум қилишларича, “Электрон журнал” ҳамда “Электрон рейтинг” тизимларини жорий этиш олий ўқув юртларида тартиб-интизомни мустаҳкамлашга ёрдам беради.





