АсосийJamiyat

Ўзбекистон 2020 йилда цемент ишлаб чиқаришни 1,2 баробарга оширади

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш йилдан-йилга ўртача 3,5 фоизга ошаётгани ва 2019 йилда 8,9 миллион тоннага етиши айтилмоқда. Бу ҳақда 12news.uz хабар беради.

Бу каби кўрсаткичлар давлат раҳбари фармони билан тасдиқланган “2015-2019 йилларда таркибий ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва диверсификациялаш бўйича чора-тадбирлар дастури”да белгилаб қўйилган. Дастур доирасида Ўзбекистон цемент бозорининг муҳим ўрин тутувчи – “Қизилқумцемент” АЖ корхонасининг шахсий воситалари ҳисобидан 30,7 миллион доллар маблағ эвазига техник қайта жиҳозлаш ва “Бекободцемент” АЖ тегирмон бўлимини 5,5 миллион долларлик эвазига модернизация қилиш кўзда тутилган.

Цемент  ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш “Олмалиқ ТМК” АЖ нинг ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш ҳисобига амалга оширилади. 2014 йил март ойида комбинат Жиззах вилоятида қиймати 114,2 миллион доллар бўлган цемент заводини қурилишини якунлади.

2015-2016 йилларда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати кенгайтирилади ва портландцемент ишлаб чиқаришни 240 минг тоннага етказишга имкон яратади (760 минг тоннадан 1 миллион тоннагача). Лойиҳада қиймати 35,8 миллион доллар бўлган комбинатнинг шахсий маблағлари 9 миллион долларни ташкил этади, Реконструкция ва ривожлантириш фонди маблағлари 14 миллион долларни, тижорат банклари кредит маблағлари 12,8 миллион долларни ташкил этади.

Review.uz маълумотларига кўра, Жиззах вилоятидаги “Олмалиқ ТМК” АЖ цемент заводини кенгайтириш билан бирга 2019 йилгача Сурхондарё вилояти Шеробод туманида тахминий қиймати 225 миллион доллар бўлган янги цемент заводи қурилади. Расмий статистика маълумотларга кўра, Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш ўтган йилда 2013 йилга нисбатан 5,1 фоизга ошган. Жорий йилда бу кўрсаткич 7,8 миллион тоннани ташкил қилиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар