АсосийJamiyat

Пойтахтимиз чорраҳаларига ўрнатилаётган камералар йил охирига қадар тўлиқ ишга тушади

Пойтахтимиз Тошкент чорраҳаларида кузатув камералари ўрнатилиши бўйича иш олиб борилаётганидан кўпчиликнинг хабари бор. Мазкур иш жорий йилнинг якунига қадар тўлиқ бажарилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙХХБ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқа қилиш бўлинмаси бошлиғи, подполковник Зоир Сайдалиев хабар берди, деб ёзади telegraf.uz нашри.

— Видео кузатув мосламалари  пойтахтимизнинг серқатнов чорраҳаларига ўрнатилади, — дейди Зоир Сайдалиев. — Айни вақтда қурилиш-монтаж  ишлари амалга оширилмоқда ва бу мосламаларни жорий йилнинг охиригача тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган. Видео кузатув мосламалари автоматик бош­қарувда тўғридан-тўғри, онлайн тарзда ишлайди.

Яратилаётган тизим шаҳримизнинг серқатнов чорраҳаларида вужудга келаётган вазиятларни кузатиш ҳамда ҳаракатни автоматик тарзда тартибга солиш имконини беради. Шу билан бирга йўл ҳаракати қоидабузарликларини тезкор ва ўта аниқ даражада белгилаш чораларини таъминлайди. Ушбу янгилик чорраҳалардаги светофорларнинг ишлаш тартибини мувофиқлаштириш эвазига кўчалардаги қатновни изчиллаштиради. Транспорт тирбандлиги даражаси 20-25 фоизга камайиб, кўзланган манзилга етиб бориш вақтини  қисқартириш имконини беради. Ўз навбатида йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги даражасини ошириб, йўл-транспорт ҳодисалари сонининг кескин камайишига олиб келади, транспорт воситасининг ёқилғи сарф-харажатини ҳам тежайди. Энг муҳими, шаҳримиздаги экологик вазиятга ўз таъсирини кўрсатади. Чунки, автоуловнинг ёқилғи сарфи иқтисод қилинса, двигателнинг зарарли чиқиндилари 5-10 фоизга камаяди, — дейди Зоир Сайдалиев.

    Бошқа янгиликлар