Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедовнинг янги “Актёрлик маҳорати мактаби” театр-студиясига асос солинди, дея хабар бермоқда 12news.uz нашри.
Адабиётшунос Шуҳрат Ризаевнинг фикрича, Миллий театрда “устоз-шогирд” анъаналари асосида актёрлик маҳорати мактаби давом эттирилмоқда.
“Етакчи актёрларнинг тажрибасидан самарали фойдаланиш мақсадида яратилган янги театр-студия ижодий жараённинг такомиллашишига кўмак беради. Бу ерда истеъдодли актёрлар ҳамда вилоят театрлари жамоаларининг ёш аъзолари устоз актёрлардан кўп нарса ўрганишлари, улар билан бир саҳнада роль ижро этишлари мумкин бўлади”, – дейди Ризаев.
Ёқуб Аҳмедовнинг айтишича, Миллий театрда Олим Хўжаев, Маннон Уйғур каби буюк актёрлар, режиссёрлар фаолият юритишган.
“Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий академик драма театрида ёшлар билан ишлаш учун янги студия яратилди. Бу студия бизнинг ёшларимиз – ўғил-қизларимизни миллий театр санъатини эгаллашга жалб қилади ҳамда уларнинг ўз халқига хизмат қилишларига туртки бўлади”, – таъкидлади Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов.
Янги студияда 16 ёшдан 22 ёшгача бўлган истеъдодли ёшлар саҳна санъатидан сабоқ оладилар. Бу маҳорат мактаби келажакда ёш актёрлар, айниқса вилоят театрлари актёрларини етиштириб чиқариш учун санъат ўчоғи бўлади.
Айни пайтда Ўзбекистонда жами 37 та театр фаолият юритиб келмоқда.





