АсосийJamiyat

Ислом Каримов: "Мана шундай олижаноб, бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш – мен учун энг юксак

Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқ сўзлади.

Нутқ матни ЎзА томонидан эълон қилинди. Унда И.Каримов “Менга билдирилган ишончни ўзим учун аввало улкан масъулият ва катта шараф деб биламан ва яна бир бор айтмоқчиман – бундай юксак, ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган халқ ишончини оқлашга, бажо келтиришга бутун борлиғимни сафарбар қиламан”, - деди.

Давлат раҳбари нутқида фермер хўжаликларимиз бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нафақат 90-92 фоизини ишлаб чиқараётгани, балки қишлоқ ҳаётининг тараққиётини ўз зиммасига олган ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланиб бораётганини;  бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56 фоизини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ишлаб чиқараётганини, ҳозирги вақтда иш билан банд аҳолимизнинг 75-77 фоизи бу соҳада меҳнат қилаётганини; охирги 10 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8 фоиздан ошиб келаётгани ва 2015 йилда ҳам бундан кам бўлмаслигини таъкидлади.

Президент шулар ҳақида гапирар экан, “энг аввало, эски мустабид тузумдан қолган асоратларга барҳам бериш ва бугун ҳамон ўз ечимини кутаётган турли муаммоларни ҳал қилишимиз, қабул қилган қонунларимизни изчил амалга ошириш, олиб бораётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш алоҳида аҳамият касб этади”, - деди.

Нутқда маъмурий-буйруқбозлик тизимининг ҳамон сақланиб қолаётган ҳар қандай шаклларидан воз кечиб, давлат органлари, бизнес ва хусусий сектор ўртасидаги вазифа ва ваколатларни аниқ белгилаб қўйиш, савдо операцияларини, чакана савдодан ташқари, асосан биржа орқали амалга ошириш тизимига ўтиш кераклигига; корпоратив ёки акциядорлик бирлашмалари фаолиятига ҳам кўпгина хорижий фирма ва компаниялар тажрибаси асосида тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурлигига тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, Ислом Каримов ўз нутқида “Яна ва яна бир бор айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан – Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларини жойлаштиришга, бизнинг ҳарбийларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди”, - деб таъкидлади.

Ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши муносабати билан ўз табрик ва қутловларини йўллаган барча давлат раҳбарларига, сиёсат ва жамоат арбобларига чуқур миннатдорлик билдирди.

“Менга юксак ишонч билдирган она халқимга бош эгиб, яна ва яна бир бор таъзим қиламан.

Мана шундай олижаноб, бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш – мен учун энг юксак шараф, олий саодатдир”, - деб нутқни якунлади Ислом Каримов.

Манба: uz24.uz

    Бошқа янгиликлар