Газетамизнинг ўтган сонларида Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиеванинг овози билан боғлиқ муаммолар туғилгани ва уни жарроҳлик операцияси йўли билан даволашга киришгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур хабар газетамиз орқали кўплаб интернет нашрларига етиб боришга улгурибди. Маълумотларга қараганда Турдиеванинг саломатлигидан хорижий санъаткорлар ҳам хавотирда.
“Қўл телефоним тинмаяпти, ҳар дақиқада кимдир қўнғироқ қилади. Бошқа давлатлардаги мухлисларим ҳам овозимдан хавотирда. Аслида ташвишланишга ўрин йўқ, ҳозир мунтазам шифокор назоратидаман” – дейди Юлдуз Турдиеванинг ўзи.
Гапини тасдиқлаш мақсадида хонанда ўтган ҳафта “Сани Мажнун” номли қўшиғига режиссёр Дилмурод Турдибоев ҳамкорлигида клип суратга олди. Аввалдан режалаштирилган концертлар ва тадбирлар сабаб хонанда операцияни май ойига қолдирган. Бироқ шифокорлар операция қанча кечиктирилса, овоз шунча зўриқишини таъкидлашяпти...





