Сўнги вақтда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари давлат рақами ўқиб бўлмайдиган ҳолатга келтирилган автомобиллар суратларини тез-тез бизга жўнатишмоқда, дея маълум қилди Тошкент шаҳар ИИББ.
Суратларда кўпинча автомобиллар давлат рақамлари бўёқ билан бўялган ёки улардаги ҳарфлар устига бирор нарса ёпиштирилганлиги, рақамлари устидан турли плёнкаларни тўлиқ ётқизишлари акс этган (бу билан рақамларни радарлар учун “кўринмас” ҳолга келтирмоқчи бўладилар). Баъзида рақамларни расво ҳолатга келтиришади. Бундай ҳолатнинг ғайритабиийлиги автомобилнинг кузови ярқирайдиган даражада тозалиги билан кўзга ташланади.
Йўл ҳаракати қоидаларида бир қатор шартлар борки, улар юзага келганда автомобилдан фойдаланиш тақиқланади. Улар қаторида давлат рақам белгиларининг етарли даражада кўринмаслик ҳолат ҳам қайд этилган. Ҳайдовчи мунтазам равишда автомобилининг ҳолати фойдаланиш шартларининг барчасига мувофиқ эканлигига ишонч ҳосил қилиб туриши лозим. Акс ҳолда жарима майдончасига тушиб қолиш мумкин.
“28 февраль куни ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчиларидан бири биз билан улашган суратда Matiz русумли автомобиль 10 W 834 QA давлат рақамининг иккита белгиси устига пухталик билан қозоғ ёпиштиргани акс этган. Қўшимча тарзда худди шу автомобилнинг бошқа ракурсдан туширилган сурати ҳам жўнатилган эди: унда олд томондаги давлат рақамлари талабларга мувофиқ ҳолатда эди.
Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари автомобилни ишончнома асосида бошқарган ҳайдовчи 31 ёшли Ҳилола М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125 (“Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш”) ҳамда 128-6 (“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши”) моддаларига мувофиқ баённома расмийлаштирдилар”, — дейилади расмий хабарда.
Маълумот учун: “давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади” (мақола эълон қилинган вақтда ушбу маблағ 2 230 000 сўмни ташкил қилар эди). Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ, мазкур ҳолларда қоидабузарнинг транспорт воситаси жарима майдончасига жойланади.
Шунингдек хабарда:
“Фуқаролик позициясини намоён қилиб, бизга қоидабузарлар ҳақида хабар берувчиларга мурожаат қилмоқчимиз: автомобилнинг иккала давлат рақамларини сурати (олд ва орқа томондагилар), ҳамда қоидабузарлик вақти ва жойи ҳақида маълумот бўлиши керак. Сизнинг ёрдамингиз сабабли пойтахт йўллари хавфсизроқ бўлмоқда, чунки жазоланмаслигига ишонган ҳайдовчидан ёмони йўқ” — қўшимча қилган пойтахт ИИББ.






