“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси тизимдаги коррупциянинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" Матбуот хизмати даракчи.уз га маълум қилди.
Натижада эса Қашқадарё вилоятидаги табиий газнинг талон-тарож қилинаётгани ҳамда ундан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан фойдаланилаётгани ҳолати фош этилди.
2020 йил 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро буюроси Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш давомида Муборак тумани “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли Газни хўжалик ҳисоблаш тизими ҳудуди атрофида жойлашган “IDEAL GRANT BINOKOR” МЧЖ раҳбари У.Қурбониёзов иштирокида жамиятга қарашли иссиқхона текширилди.
Иссиқхонадаги табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари бўйича олиб борилган текширувда ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича келтирилган зарар миқдорлари ҳисоб-китоб қилиниб “IDEAL GRANT BINOKOR” МЧЖдан давлат фойдасига ундириш ва тегишли чора кўриш учун Прокуратура органига керакли маълумотлар тақдим этилди.
Юқоридаги ноқонуний ҳолатни вақтида назорат қилмагани ва унинг келиб чиқишини олдини олмагани, эътиборсизлиги, етарлича назорат қилмаганлиги туфайли “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” раҳбари ўринбосари - бош муҳандис эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) тартибида дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда ва “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” раҳбари ўринбосари-бош муҳандисининг ушбу “жиноят”га алоқадорлиги ҳолати тегишли тартибда ўрганилмоқда.






