Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда мамлакатимизга катта миқдордаги заргарлик буюмлари ҳамда товар-моддий бойликларини ноқонуний олиб кирилишининг олдини олиш бўйича тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида марказий темир йўл вокзалига келган йўловчи поезд кузатувга олинди. Поезд вагонларидан бирининг кузатувчиси қўшни давлат фуқароси Ж.А. темир йўл бекатининг чиқиш йўлагидан чиқиб, вагондан ўзи билан олиб тушган 2 дона хўжалик сумкасини, аввалдан бўлган келишувга кўра фуқаро М.А.га бераётган вақтда тадбир иштирокчилари томонидан қўлга қолинди.
Ушбу хўжалик сумкалари кўздан кечирилганида, республикамизга ноқонуний олиб киришга уринилган умумий қиймати 201 миллион сўмлик
9816 грамм оғирликдаги 1034 дона турли хил кумуш тақинчоқлар ҳамда 590 дона аёллар сунъий киприклари борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






