АсосийJamiyat

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида “Нотиқлик санъати” шиори остида саккизинчи нотиқлик танлови ўтказилди

Бир неча кун аввал Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасида бутун Ўзбекистон бўйича чет тили сифатида немис тилини ўрганадиган талабалар орасида “Нотиқлик санъати” шиори остида саккизинчи нотиқлик танлови ўтказилди.

Германия элчихонаси сўнгги йиллардаги каби бу йил ҳам бутун Ўзбекистон бўйлаб немис тилини ўрганаётган талабалар иштирок этиш имкониятига эга бўлган танлов ташкиллаштирди. Жами 16 нафар иштирокчи олийгоҳ ўз талабалари ўртасида немис тили бўйича ички танлов ўтказиб, Германия элчихонасида бўлиб ўтадиган якуний босқич учун биттадан вакилни аниқлаб беришди.

Ҳар йили ўтказиладиган ушбу танловнинг мақсади Ўзбекистонда немис тили  ўрганилишини қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Бунда ёш нотиқлар олдиндан танлаб олинган маълум бир мавзу бўйича ўз нуқтаи-назарларини тингловчилар қаршисида немис тилида тасвирлаб беришлари лозим бўлади.

Германия элчихонасининг бу йилги нотиқлик танловида иштирокчилар қуйидаги учта долзарб мавзудан бирини танлаб олишди:

  • Кўплаб йирик шаҳарлар тез суръатларда ўз ташқи қиёфаларини ўзгартирмоқда. Сиз Тошкент шаҳрини 10 йилдан кейин қандай кўринишда тасаввур қиласиз? Бу ўзгаришлар Сизнинг ҳаётингизга қандай таъсир кўрсатади?
  • 2015 йилда Иккинчи Жаҳон уруши тугаганлигига 70 йил тўлади. Бу урушнинг Ўзбекистон учун оқибатлари қандай бўлган? Бугунги кунда ҳам унинг таъсири мавжудми? Одамлар Иккинчи Жаҳон урушини эслашадими? Буни Германиядаги хотирлаш маданияти билан таққослаб беринг.
  • Интернетдаги ижтимоий тармоқлар Сиз учун қандай аҳамиятга эга? Сиз улардан нима мақсадда фойдаланасиз? Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлар мавжудми? Агар бор бўлса, улар нималардан иборат? Ижтимоий тармоқларнинг қандай ижобий имкониятлари мавжуд?

Мусобақа доирасида якуний босқичга чиққан жами 16 нафар талаба юқоридаги уч мавзудан бири бўйича 5 дақиқа давомида ўз нуқтаи назарларини баён қилишди ва ҳайъат аъзоларининг мавзу бўйича саволларига жавоб беришди.Бунда иштирокчиларнинг тилни билиш даражаси, реторик иқтидори, нутқнинг сифати ва ўзига хослиги ҳамда мавзунинг мазмунан очиб берилишига баҳо берилди.

    Бошқа янгиликлар