АсосийJamiyat

Ўзбекистонда ягона тергов қўмитасини тузиш таклиф этилди

'Ўзбекистонда ягона тергов қўмитасини тузиш таклиф этилди'ning rasmi

Омбудсман ягона тергов қўмитасини тузиш таклифини билдирди. У парламентга билдирган ҳисоботида шу ҳақда таъкидлаб, қўмитани терговда қийноқлар қўлланишига барҳам бериш ечими сифатида кўрсатди.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан терговда қўлланиши иддао қилинаётган қийноқларга барҳам бериш учун ягона тергов қўмитасини тузиш таклифини билдирди. У бу ҳақда парламентга етказган ҳисоботида қайд этган, деб хабарбермоқда «Газета.уз» мухбири.

Маълум қилинишича, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — омбудсманга 2019 йилда келиб тушган мурожаатлар орасида шахсий ҳуқуқлар ва эркинликлар тоифасига мансуб шикоятлар кўп учраган. Хусусан, омбудсман манзилига 4800дан ортиқ ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушган.

Унинг айтишича, яшаш, эркинлик ва дахлсизлик ҳуқуқи, ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқи, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тезкор-қидирув фаолияти ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар билан боғлиқ мурожаатлар сони кўпайган.

«Парламент назорати субъекти сифатида 900дан ортиқ шикоятлар назоратга олинди ва уларнинг 30 фоиздан ортиғи ижобий ечимга эга бўлган. Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 17та ҳолат бўйича текширув ўтказилди, 24та ҳолатда жиноят, 21та ҳолатда маъмурий, 65та интизомий ишлар қўзғатилди», — деди у.

Омбудсманнинг қайд этишича, турли вазирлик ва идоралар, хусусан таълим муассасалари ходимларининг 28 нафари, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан 15 нафар, ИИВ ходимларининг 20 нафари, 7 нафар МИБ ходими ва бошқа ташкилотлардан 15 нафар ходим жавобгарликка тортилди.

Муҳаммадиевнинг билдиришича, баъзи ҳолатларда тергов хонасида мавжуд ёзув камералари ўчириб қўйилган ёки махсус хонадан ташқарида қийноқларни қўллаб, айбланувчи тергов қилинган. Бундай ҳолатлар назоратга олинади, прокуратурага юборилади.

Бунга қадар, «Адолат» СДП ҳам ушбу таклифни сайловолди кампаниясида билдирганди. Эндиликда партия ўз таклифини ижтимоий тармоқларда қайта эълон қилди.

Партия хабарига кўра, адолатсизлик адолатни таъминловчи идоралар томонидан содир этилса, бир неча карра оғриқли бўлади. Бу каби ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда амалга оширилган ислоҳотлар бугунги кун шиддатидан ортда қолаётганини англатади. Шунга мувофиқ, партия дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юз бераётганлиги сайловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлишини эътироф этган.

 

    Бошқа янгиликлар