АсосийShou-biznes

Саида Раметова: “Мен йиқилганни тепадиганлардан эмасман!”

— Газетамизнинг ўтган сонларида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова бир ярим йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбек миллий академик драма театрига ишга қайтгани ҳақида хабар берган эдик. Бу хабардан сўнг тахририятимизга актрисанинг кўплаб мухлислари қўнғироқ қилиб, у билан суҳбат уюштиришимизни сўрашди. Муштарийларимизнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда Раметовлар хонадонига йўл олдик. Саида опани сўнги вақтларда бундай хуш кайфиятда кўрмаган эдим.

— Театрга қайтганингизни эшитиб қувондик. Кўриниб турибдики, кайфиятингиз яхши. Театр сизни қандай қабул қилди?

— Театрга қайтган куним кўпчилик устозларим, ҳамкасбларим ўша ерда эди. Ҳаммалари самимий муносабатда бўлиб, илиқ кутиб олишди. Мен уларни, улар мени соғинишгани сезилиб турарди. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб бекорга айтишмас экан. Бу вақт мобайнида театр мени қадримга етганини сездим. Аслида бу театрда ишлаётган ҳар бир кишининг ўз ўрни, театрнинг равнақида озми-кўпми ҳиссаси бор. Буни ҳеч ким ўчириб юборолмайди. Бу театрда ишлаётганларнинг ҳар бири ўз ишининг чинакам вафодор, содиқ кишилари. Санъаткор ўз касбини севмаса, саҳнага томошабинларга талпиниб чиқмаса, мен уни санъаткор санамайман. Айтмоқчиманки, мени театрда ўрним қанчалик билинган бўлса, менга ҳам театрнинг ўрни шунчалик билинди. Бир ярим йил давомида ўзимдан ўтганини ўзим билдим холос. Умримнинг ярмидан кўп қисмини ана шу театрда ўтказдим. Қувончимга ҳам, қайғумга ҳам ўша саҳна, саҳнадошларим шерик бўлишди. Буларнинг барчасидан бир кунда айрилиш осон эмас. Шукр, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб, мен қатори Ўзбек миллий академик драма театридан бўшатилган кўпгина ходимлар яна ўз жойига қайтишмоқда.

— Кетганингизда то қайтгунингизга қадар воқеанинг охири нима билан тугаркин деб роса кузатдим. Агар эсингизда бўлса, театрда кетганингизда ҳам биринчи интервьюни ўзим олгандим. Бу орада Муқимий номли театрда ҳам иш бошладингиз. Лекин саҳнага чиқиш насиб қилмади.

— Муқимий номидаги мусиқали драма театрига собиқ директори, Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабовнинг таклифини рад эта олмай боргандим. У ерда доимий ишлаш ниятим бўлмаган. Битта спектаклда бирга роль ўйнасак деган таклифни берганлари учун уларни рад эта олмадим. Устига-устак “Муқимий”да қўйилаётган “Отасининг қизи” пьесаси бундан 30 йил аввал ҳозир Ўзбек давлат драма театрида қўйилганида турмушга чиқиш арафасидаги қизни ўйнагандим. Вақтнинг ўтишини қарангки, “Муқимий”да ўша қизнинг онаси ролини топширишди. Анча вақт репетицияларда қатнашиб юрдим-у, лекин барибир саҳнага чиқа олмадим. Лекин шунга амин бўлдимки, қайси театр ходими бўлишидан қатъи назар ҳар бир актёр бошқа театрларда ҳам ўзини синаб кўриши керак экан. Ана ўшанда театрларда ўзаро рақобат кучаяди, актёрлар ўз устида янада кўпроқ ишлайди.

— Ўзбек миллий академик драма театрига қайтганингиздан кейин “Андишали келинчак” спектаклида ўйнадингиз. Сизни саҳнада кўра туриб, Саида опа ҳақиқатдан ҳам театрни соғинибди деган ўй келди.

— (кулиб) Нимасини айтасиз... Ҳатто ҳамкасбларим ҳам сиз айтган гапни айтишди. Ўша куни томошабинларнинг нигоҳларидан, табассумлари, қарсакларидан куч олдим (ўйланиб). Юрагимдан кечган ҳисларни, бир ярим йиллик соғинчни фақат бошидан ўтказган одамгина ҳис қилади.

— Кетганингизда воқеанинг асл сабабини билмай туриб Саида Раметова театрни эмас, тўйни танлади деган гаплар қулоғимизга чалинганди. Бундан гапларни ҳатто ўзингиз тўйга олиб чиққан, сиз сабаб эл хизматида танилган ёш ҳамкасбларингиздан ҳам эшитиб ҳайрон қолдик.

— Тўғриси, бу гапларга унчалик эътибор бермайман. Улар ҳам ёш, ўша пайт вазиятни тўғри баҳолашни билишмагандир. Ахир ким хато қилмайди? Уларни аллақачон кечириб юборганман. Ва албатта ўзим ҳам театрга қайтгач ўтган вақт давомида жаҳл устида кимнидир хафа қилиб қўйган бўлсам, мени кечиринглар деб узр сўрадим. Театрда масалам кўрилиб, катта мажлис қилинганда кимнидир айбдор қилиб ўтирганим йўқ, ўзимни оқламадим ҳам. Мардларча ҳамма айбни бўйнимга олиб, театрни тарк этдим. Чунки бошқа чора ҳам қолмаганди. Ўша вақт собиқ директорнинг қарорини жуда тўғри қабул қилдим. Балки тўғри қилаётгандир, ҳақиқатдан ҳам тўйга чиқадиганларни бирин-кетин кетказишар деб ўйладим. Йўқ, тўй борасида машмаша мен билан бошланиб, мен билан тугади.

— Балки театрдан кетишингизнинг асл сабабини очарсиз. Ахир орадан бир ярим йил вақт ўтди.

— (ўйланиб) Мендан нима гапни кутаётганингизни сезиб турибман. Лекин, бу машмашаларнинг асл моҳиятини, сабабларини ҳеч қачон, ҳеч кимга ошкор этмайман. Кечаги иш кечада қолиб кетди. Яратган кимгадир бериб синаркан, кимдандир олиб... Бир ярим йил ичида чиқаркан хулосам шу бўлди.

Хуллас, гап йиқилишда эмас, яна қаддимизни тик тутиб туриб олишда. Мен эса йиқилганни тепадиганлардан эмасман. Вақт энг олий ҳакам! Ҳар нарсани ўзи жой-жойига қўяди. Мен бунинг исботини жуда кўп бор кўрдим.

— Янги раҳбар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудовнинг фаолиятини қандай баҳолайсиз?

— Тилёғламалик деб тушунмассиз-у лекин Фатҳулла жуда тарбияли, билимли, ҳамкасбларини, атрофдагиларни ҳурмат қиладиган, очиқкўнгил меҳрибон инсон. Ўз касбини севади, шунинг учун театрда янгидан янги ўзгаришлар, ўсишлар бўлишига кўзим етяпти. Унинг адолатли раҳбарлигини суистеъмол қилишмаса бўлгани.

— Театрда бугун тарихий асарларга, хориж классикасига эҳтиёж катта. Бир вақтлар “Увайсий” спектаклида ўйнаган эдингиз. Уни тиклаш ниятингиз йўқми?

— Бор. Дилимдагини топиб гапирдингиз. “Увайсий” бугунги кун ёшлари томоша қилиши керак бўлган, мавзуси замонлар оша эскирмайдиган залворли спектакль. Бу асарни яна саҳнага қайтариш керак. Ҳаракатни бошладик, насиб қилса тез орада бу асар ҳам саҳна юзини кўриб қолади деган умиддамиз.

— Бугун Ўзбек миллий академик драма театри янги ёш чеҳраларни кашф қилмаётгандек. Шодия Тўхтаева, Дилноза Кубаевадан кейин Нигина Анорбоеванинг ижросини яхши деб баҳолаш мумкин-у, барибир унда тажриба камлиги сезилиб туради. Лекин “Ўзбекча рақс”да Нигинанинг ижроси томошабинларга ёқяпти. Битта спектаклда бир қаҳрамоннинг ҳам ёшлиги ҳам кексайганини ўйнаш мушкул иш. Гарчи кексайган чоғини Нигина маромига етказиб ўйнолмаётган бўлса-да, спектаклдаги умумий ижро мақташга арзигулик.

— Дарҳақиқат, актриса Нигина Анорбоевани мен ҳам Ўзбек миллий академик драма театрининг иқтидорли, келажаги порлоқ актёрлари қаторига қўша оламан. Кўп ёш актёрларимизнинг бирдан кўзга ташланмаётганига келсак, охирги пайтларда Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов ёш актёрлар билан жуда яхши ишладилар. Уларда оддий томошабин кўра олмаган нарсаларни кўра биладилар. Лекин ҳамма актёр ҳам “юлдуз” бўлиб туғилмас экан. Саҳнанинг элаги эса вақтнинг ва томошабиннинг қўлида.

— Яқинда Саида Раметова автоҳолакатга учраб, оламдан кўз юмибди деган хабарлар тарқалибди. Ўзингиз ҳам эшитдингизми?

— Навоийлик бир дугонамнинг онаси қўнғироқ қилиб Саида Раметова оламдан ўтибди деганмиш. Ҳалиги дугонам ховлиқиб уйимга қўнғироқ қилибди. Ўша куни театрда илк спектаклимга тайёргарлик кўраётган эдим. Бироз кайфиятим тушдию, яна ишимда давом этавердим. Бир вақтлар кенжам Азизга хомиладорлик пайтларимда ҳам шундай гаплар тарқалганди. Ўшанда ҳам одамлар бир йил гапириб сўнг унут бўлиб кетган.

— Дарвоқе, Азизнинг уйланишига келсак. Мана уч йилдирки ҳар йили тўй қиламан дейсиз, ҳеч дарак йўқ. Ё Азиз бўй бермаяптими?

— (кулиб) Нимасини айтасиз, бу болам ҳеч уйланай демайди. Ҳозир ўзи фильм суратга олаётгани учун шу кинони тугатиб олай, кейин қачон десангиз ўшанда тўй қиламиз деб ваъда берди. Агар ваъдасининг устидан чиқмаса ўзидан кўрсин, ўзим хоҳлаган қизни уйига совчиликка бориб, тўйни белгилаб келавераман. Истаса, тўй ўтар... (кулгу кўтарилди) Баъзида ўзига шундай ҳазил қилиб қўяман. Шундаям хўп демайди. Хуллас, насиб қилса шу йил албатта тўй қиламиз.

— Суҳбатни яхши кайфиятда бошлагандик, унинг охирини ҳам шундай якунласак. Саида Раметова хуш кайфиятни нимадан олади?

— Атрофдан, яхши одамлардан, мухлисларимдан, қадрдон ҳамкасбларимдан... Инсон ҳаётдаги ҳамма синовга кулиб боқиши керак экан. Баъзида тақдирнинг шундай синовларига дуч келамизки, улардан қочиб кутилиб бўлмайди. Ўша тақдирни муносиб яшаб ўтиш керак. Мен ўзи тақдиримни, энг оғир дамларини ҳам муносиб яшаб ўтаётганимдан мамнунман. Балки шунинг учун ҳаётга доим табассум билан боқарман?

                                               Қамариддин Шайхов суҳбатлашди.

    Бошқа янгиликлар