АсосийJamiyat

Ислом Каримов Наманган ва Фарғона вилоятлари сайловчилари билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Ислом Каримов 11 март куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашди. Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси раиси Ғ.Ортиқов очди. Бу ҳақда uz24.uz ЎзА маълумотлари асосида хабар беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўзининг сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Дастурда мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш, иқтисодий-ижтимоий соҳани либераллаштириш жараёнларини изчил давом эттиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Жумладан, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик учун янада кенг йўл очиб бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қайта кўриб чиқиш, экин майдонларининг ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига янги агротехнологияларни жорий этиш, фермерлик ҳаракатини, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенгайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим йўналишлар қамраб олинган.

Шу куни Ислом Каримов Фарғона вилояти сайловчилари билан ҳам учрашди. Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Н.Собиров очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов учрашувда нутқ сўзлади.

Учрашувларда  сайловчилар 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирилди.

    Бошқа янгиликлар