2015 йил 10 март куни кечқурун Тошкентда ислом дунёсининг йирик олими, машҳур уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари юрак хуружидан вафот этди.
Муҳаммад Содиқ ибн Муҳаммад Юсуф ибн Муҳаммад Али, 1952 йилнинг 15 апрелида Андижон вилоятида таваллуд топган. У наинки Ўзбекистонда ва бутун ислом дунёсидаги энг машҳур олимлардан эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Ислом уламоларининг энг катта нодавлат ташкилоти бўлган Ислом Уламоларининг Миллатлараро Иттифоқининг пешқадам аъзоларидан бири ҳисобланарди.
Шайх Муҳаммад Содиқ бошланғич диний таълимни отасидан олган. 1970 йилда ўрта мактабни тўлиқ аъло баҳоларга тугатгач, у Мир Араб мадрасасига ўқишга қабул қилинади. Кейинчалик, Тошкентдаги Олий Ислом Институтида таҳсил олиб, 1975 йилда муваффаққиятли тамомлаган. 1976 йилда Шайх Ливиядаги Миллий Ислом Университетига қабул қилинди ва уни муваффақиятли тамомлаган.
1997 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Саудия Арабистондаги халқаро Ислом ташкилоти бўлган Робита ал-Исломия (Мусулмон Олами Лигаси) таркибидаги Мусулмон давлатлар ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги федерациясига раҳбар этиб тайинланган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шу кунгача ушбу ташкилот бошқарув кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланиб келган.
Шайх ҳазраттларидан кўплаб маънавий-маърифий асарлар мерос бўлиб қолди.
Буюк устознинг охирлари обод бўлсин. Шайх ҳазратларининг оила аъзолари, яқинларига “Даракчи” газетаси ва Darakchi.uz таҳририяти номидан чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.





