Жорий йилнинг 7-8 март кунлари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида регби бўйича ўтказилган “Asian Olympic Pre-Qualifier” халқаро турнирида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош совринни қўлга киритди. Бу ҳақда olympic.uz нашри хабар қилади.
Биринчи кун бўлиб ўтган баҳсларда терма жамоамиз аъзолари Ҳиндистон (12:5), Жанубий Корея (22:7), Филиппин (17:5) ва Эрон (32:0) терма жамоаларини мағлуб этди. Иккинчи кунги баҳсларда ҳамюртларимиз гарчи Гуам терма жамоасига 10:12 ҳисобида имкониятни бой берганликларига қарамай, ҳал қилувчи финал баҳсида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Финал учрашувида мезбон Ҳиндистон терма жамоасини йирик 38:0 ҳисобида мағлубиятга учратган Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, бош совринни қўлга киритди. Энди вакилларимиз 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган Олимпия ўйинларининг йўлланмаси учун бўладиган саралаш ўйинларида иштирок этади. Саралаш баҳслари шу йилнинг ноябрь ойида Гонконг ва Токио шаҳарларида бўлиб ўтади.





