АсосийJamiyat

“ЛУКОЙЛ” Ўзбекистонда 550 ўринлик 3 та боғча қуриб беради

'“ЛУКОЙЛ” Ўзбекистонда 550 ўринлик 3 та боғча қуриб беради'ning rasmi

2019 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» МЧЖ иштирокида мактабгача таълим ташкилотларини тузиш бўйича чора-тадбирлари тўғрисидаги №839-сонли Вазирлар Маҳкамасининг қарори имзоланди.

Мазкур Қарор болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш, сифатли мактабгача таълим хизматларидан фойдаланиш имконини яхшилаш, уларниг тўлақонли ҳаётий фаолияти учун шароитларни таъминлаш, болалар ногиронлигининг олдини олиш бўйича ишларни кучайтириш, ҳамда имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни чуқурлаштириш ва кенгайтиришни кўзда тутади, дея хабар беради Мактабгача таълим вазирлиги.

Ушбу қарорга кўра, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудида ҳар бири 150 ўринли соғлиғи имкониятлари чекланган болалар учун реабилитация марказлари бўлган иккита кўп йўналишли ихтисослаштирилган ҳамда Бухоро вилояти ҳудудида 250 ўринли умумий турдаги, жаъми 550 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилиши амалга оширилади.

Ҳужжатда объектларнинг бинолари ва иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, жиҳозлаш ва фойдаланишга киритиш 2021 йил 1 июлигача муддатда «ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани» хайрия эҳсонлари ҳисобига амалга оширилиши белгилаб берилди.

Мазкур ҳужжатнинг аҳамиятли томони шундан иборатки, қарорнинг 11 бандида белгилаб берилган солиқ имтиёзидан ҳомийлик тарзида филантропия (хайрия) фаолияти шаклидаги давлат-хусусий шериклиги асосида МТТ ташкил этишни истаган барча юридик шахслар бирдек фойдаланиш хуқуқига эгалар.

Қолаверса, эндиликда филонтропик фаолият асосида мактабгача таълим хизматини кўрсатишни истаган тадбиркорлик субъектларининг амалга оширган харажатлари фойда солиғини ҳисоблаётганда чиқариб ташланади. Шунингдек, ҳужжатда товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) бепул берилиши қўшилган қиймат солиғига ва ягона солиқ тўловига тортилмаслиги билан бир қаторда, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) таннархидан пастроқ сотилиши, ҳақиқий сотиш нархидан келиб чиқиб, қўшилган қиймат солиғига тортилиши белгилаб берилди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши, болаларни мактабгача таълим хизмати билан қамраб олишни кенгайтириш билан бир қаторда, болалар ногиронлигини олдини олиш, шунингдек инновацион технологик услублар ёрдамида имконияти чекланган фарзандларимизнинг турмуш тарзи ва таълим сифатини оширишга хизмат қилади.

 

    Бошқа янгиликлар