Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Шу ўтган давр ичида нима ўзгарди? Нима ўзгаряпти? Нима ўзгариши керак эди?
Нимани ўзгартириш керак?
Рақамлар тилга кирганда...
Интернет маълумотларига назар соладиган бўлсак, сайёрамиз аҳолиси 7111 тилда сўзлашаркан. Ана шу тилларнинг атиги бир фоизида (70 та тилда) Ер шари аҳолиснинг 90 фоизи гаплашади. Қолганлари жуда кам миқдорда аҳоли гаплашадиган, йўқолиб кетиш арафасида турган тиллардир. Ҳар икки ҳафтада Ер юзида битта тил умуман йўқолиб кетмоқда.
Қувонарлиси шуки, бизнинг тилимиз ана шу барқарор 1 фоизга киради. Ўзбек тилида Ер юзида 40 миллионга яқин аҳоли гаплашади. Бу Ер юзида ҳар 200 нафар одамдан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача айтганда, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан биридир. (Бу тилларнинг ҳар бирида камида 30 миллион аҳоли гаплашади)
Кўриниб турибдики, ўзбек тилининг халқаро мақоми ҳавас қиладиган даражада. Бугун бу тил мамлакатимизнинг давлат тили бўлибгина қолмай, қўшни Афғонистоннинг расмий тилларидан бири ҳисобланади. Бу мамлакат шимолидаги саккизта вилоят аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади.
Расмий маълумотларга кўра, қўшни Тожикистон аҳолисининг 13 %,и, Қирғизистоннинг 15 %и, Қозоғистоннинг 4 %и, Туркманистоннинг 6 фоизи ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари Туркия, Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Швеция, Латвия, Укранина, Мўғулистон сингари малакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз яшайди.
Ҳар йили октябрь ойи кириб келиши билан оммавий ахборот воситаларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан боғлиқ сана эсга тушади. Қулоч-қулоч мақолалар ёзилади, радио ва телеканалларимизда соатлаб эшитририш ва кўрсатувлар намойиш қилинади. Жойларда турли учрашувлар, давра суҳбатлари, баҳсу мунозаралар авж олади. Хўш, кейин-чи?
Афсуски, ҳали-ҳануз юртимизда ўзбек тили ўзининг қонуний мақомини эгаллаб улгургани йўқ. Ҳамон кўчаларда кетиб бораркансиз, рус , инглиз ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, ҳаволалар, эълон ва шиорлар кўз қамаштираверади. Ҳалигача, одамларимиз миллий атамаларни четга суриб, “Алайский”, “Фархадский, “Ипподром”, “Зелений мост”, “Бульвар”, “Дагбитский”, Софийский”, “Луначарский”, “Высоковольтный” сингари атамаларни ишлатишни маъқул кўришади.
Яширириб нима қилдик: кўпчилик ҳамюртларимиз “болаларимиз тил ўргансин, улғайганида иш тополмай қийналмасин” деб мактабларнинг рус синфига беришади. Гоҳида, ота-оналар ўз боласининг “ўзбекча билмаслиги”ни айтиб мақтанаётганига гувоҳ бўламиз. Албатта, ёшларимиз қанча кўп тил ўрганса, шунча яхши. Аммо, бу “полиглотлик” она тилимизни билмаслик ёки унутиш ҳисобига бўлмасин-да!
Интернет орқали кўпгина давлат муассасаларининг ҳужжатларини излаганда, уларнинг давдат тилидаги нусхасини топа олмайсиз. Халқаро анжуманларда, конференцияларда ўзбек тилининг деярли ишлатилмаслиги ҳозир ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган. Баъзи анжуманларда хорижлик ҳамкасбларимиз бир неча бор “нега Ўзбекитстонда халқаро тадбирлар ўзбек тилида олиб борилмайди?” деб савол беришганида, қандай жавоб қайтаришни билмай қоламан.
Хорижий элчихоналар томонидан ўтказиладиган анжуманларда элчилар қийналиб бўлса-да, ўзбек тилида гапирганига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Аммо, бундай тадбирларда иштирок этган ўзимизнинг мутасаддилар кўпинча бошқа тилларда чиқиш қилишни афзал кўришади.
Нега? Нима учун?
Иш юзасидан қўшни ва қардош мамлакатларга кўп бориб тураман. Жорий йилнинг май ойида қўшни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтказилган медиа-форумда иштирок этдим. Тадбирда сўзга чиққан қозоғистонлик расмийлар ўз маърузаларини она тилида ўқишди. Синхрон таржималар қозоқ, рус ва инглиз тилларида тенг олиб борилди.
Яқинда Боку шаҳрида ўтказилган бир халқаро анжуманда ҳам худди шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик. Маҳаллий иштирокчилар озарбайжон тилида маъруза қилишди, таржимонлар синхрон тарздаорқали рус ва бошқа тилларга ўгириб беришди.
Бир неча йил муқаддам Грузияда бўлганимда кўчалар, бинолар, пештоқлардаги ёзувлар барчаси грузинча экани эътиборимни тортганди. Фақат хорижлик туристларга қийинчилик туғилмаслиги учун айрим жойларда инглиз тилидаги битиклар учрайди.
Бу каби кузатишларим сўнгида “ҳеч бир халқ ўз она тилини бизчалик “қадрламас” экан” қабилидаги аччиқ хулосага келгандим. Афсуски, бу фикримни ҳамон ўзгартиролмай келаман.
Ҳолбуки, бугун ўзбек тилини хорижликлар ҳам қизиқиш билан ўрганмоқда. “Би-би-си”, “Озод Европа”, “Америка овози”, “Эрон овози”, “Спутник” сингари йирик ахборо маҳкамалари дунёнинг кўплаб тиллари қаторида ўзбек тилида ҳам ўз материалларини эълон қилиб боришади. Хитойда, Туркияда, Америкада, Германияда, Ҳиндистонда ўзбек тили бўйича махсус тадқиқотлар олиб борилади, илмий ишлар ҳимоя қилинади.
Қонун бор, аммо...
Хўш, нима қилмоқ керак? Бу савол ўттиз йилки қайта-қайта берилади. Ўзбек тили жаҳонда ўз нуйузига, обрў-эътиборига эга экан, нима учун ўз Ватанимизда етарлича қадр топмаяпти?
Бунинг асосий сабабигни ташқаридан эмас, ўзимиздан изламоғимиз лозим. Энг аввало давлат тили тўғрисидаги қонунни замон талаблари даражасида такомиллаштириш, ундаги талабларни қатъийлаштириш зарур. Қонун моддаларига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг кўпчилигида “давлат тилида, шунингдек, бошқа тилларда ҳам...” иборасига тез-тез дуч келамиз. Эътибор қилинг:
“Фуқаролик ҳолатини қайд этувчи ҳужжатлар, шахснинг ким эканлигини ва унинг ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар давлат тилида расмийлаштирилади, заруриятга қараб бошқа тилда таржимаси такрорланиши мумкин”.
“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларига, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади”.
“Телевидение ва радио эшиттиришлари давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда олиб борилади”.
“Ноширлик фаолияти давлат тилида, эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда эса, бошқа тилларда ҳам амалга оширилади”.
“Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин».
“Корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланади”.
Кимда қанақа?
Қонунни ўқиб чиқар эканмиз, у ўта эҳтиёткорлик, мулойимлик билан тузилганга, очиғини айтганда, қонундан кўра кўпроқ тавсиянома ўхшашини англаймиз. Унда имкон даражасида ўзбек тилинининг мавқеини бошқа тиллардан ошириб юбормасликка ҳаракат қилингандек туюлади. (Бу ҳар қалай, менинг хулосам). Қонуни билан яхши танишиб чиққан, бошқа тилда сўзлайдиган ёки бошқа миллатга мансуб фуқаролар “давлат тилини ўргансак ҳам, ўрганмасамк ҳам бўларверар экан” деган хулосага бормаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Давлат тилидаги қонунни бузиш, давлат тилига ҳурматсизоикунинг ҳуқуқий оқибатлари қонунда аниқ кўрсатиб берилмаган.
Ҳолбуки қўшни ва қардош мамлакатларнинг давлат тили ҳақидаги қонунлари бизникидан кўра мукаммалроқ ва қатъийроқ ишлаб чиқилган, десак хато қилмаган бўламиз. Масалан, Тожикистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 3-моддасида “Тожикистон Республиксининг ҳар бир фуқароси тожик тилини билиши шарт” экани кўрсатиб қўйилган. 27-моддада эса, “Давлат тили ҳақидаги қонун нормаларни бузган мансабдорлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши” белгиланган.
Қозоғистон Республикасининг “Давлат тили ҳақидаги қонуни”нинг 4-моддасида “давлат тилини билиш ва унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳар бир Қозоғистгн Республикаси фуқаросининг бурчи экани” белгилаб қўйилган.
Арманистон Республикасининг “Тил ҳақида”ги қонунида эса, турли анжуманлар, мажлислар, халқаро конференциялар, съезд ва сессияларда арман тилида ўқилмайдиган ҳар қандай нутқнинг синхрон таржимаси таъминланиши қатъий белгиланган.
Афсуски, бизнинг қонунимизда бундай қатъиятни эмас, “ўзбекона бағрикенглик”ни кўрамиз, холос. Албатта, юртимизда истиқомат қиладиган ҳар бир фуқаронинг миллати, тили, дини, қадриятларини камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин давлат тили ўзбек тили бўлгач, у бошқа тиллардан лоақал бир парда юқорироқ турса, менимча буни ҳеч ким миллатчиликка йўймаса керак...
Ҳозирча кеч эмас...
Август ойида юртимзида ўтказилган халқаро медиа-ҳафталик доирасида кореялик профессор Энг Юнг О, япониялик мусиқачи Мацуо Кавасаки, венгриялик шарқшунос Бенедек Пери сингари меҳмонларнинг ўзбек тилида равон гапирганини кўриб, ғурурланиб кетгандим.
Бир пайтлар буюк озар шоири Халил Ризо Улутурк ҳам тилимизнинг гўзаллиги ва нафосатидан илҳомланиб, шундай жўшқин мисраларни битган эди:
Қай бир кунда учиб келдинг, самолардан, ўзбек тили?
Қанот олдинг энг муқаддас садолардан, ўзбек тили!
Бешик тутган келинларнинг аллаларин тинглабмидинг?
Яралгансан шу илоҳий нидолардан, ўзбек тили!
Энди ўзингиз ўйланг, бошқа миллат вакиллари бизнинг тилимизга шу қадар меҳр қўйишган, уни астойдил ўрганаётган экан. нега биз ўзимизнинг бебаҳо бойлигимиз бўлган она тилимизга етарлича эътибор қара олмаймиз? Ахир, дунёда бир неча минг одам сўзлашадиган тилини ҳам бошига кўтариб, унинг довруғи оламга ёйган шоиру фозиллар камми?
Доғистон халқининг буюк фарзанди Расул Ҳамзатов туфайли бутун дунё дунёнинг бир чеккасида авар деган халқ борлиги, унинг гўзал тили ҳақида тасаввурга эга бўлмадими?
Бизнинг тилимиз-ку, ҳозирча хавф остидаги, йўқолиб бораётган тиллар гуруҳига кирмайди. Аммо, ўзимиз аждодларимиздан мерос бўлиб келган она тилимизни асрамас эканмиз, миллатимиз ва маънавиятимиз келажагини улкан хавф остида қолдирамиз. Зотан, ўзбек тили – бу бизнинг бойлигимиз, ор-номусимиз, шаънимиз демак. Уни энг аввало ўзимиз асрашимиз, ҳурматлашимиз керак.
Рустам Жабборов






