АсосийJamiyat

Блогерлар Togri.uz сайтининг ёпилиши ҳақида фикр билдирди

'Блогерлар Togri.uz сайтининг ёпилиши ҳақида фикр билдирди'ning rasmi

Кеча Togri.uz нашри фаолияти, ҳомийлар томонидан лойиҳани молиялаштириш тўхтатилгани ҳақида хабар бергандик.

Мазкур ҳодиса юзасидан аксарият машҳур блогерлар ўз фикрларини ёзиб чиққан. Улардан айримлари ҳатто лойиҳа ёпилишини аввалдан кўнгли сезганини ҳам билдирган. Қуйида уларнинг фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашмоқчимиз:

“Ҳомийлар билан муносабатларни пухта ҳужжатлаштириб қўйиш керак”

Ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев:

“Ҳали юртимиздаги ахборот макони керакли даражага етиб улгурмаган бир пайтда, янгича ёндошув билан эндигина иш бошлаган сайтнинг ёпилиши албатта одамнинг дилини хира қилади.

“Togri.uz” сайти креативлиги билан бошиданоқ мени ҳайратда қолдирганди. Лойиҳанинг очилиш маросими учун ўзгача услубда таклифнома беришганди. Таклифнома мажозий маънода газета кўринишида эди. Худдики атайин менга атаб чиқарилган газетага ўхшатиб, фотосуратларим билан тайёрлашганди (сурат пастда).

Сайтнинг иш фаолияти ҳам ёмон бошланмади, айниқса халқ орасида ўтказаётган видеосўровномалари менга ёқарди. Иқтидорли журналистлардан яхши жамоа йиғишаётган эди.

Аммо ҳомийлар ким бўлса ҳам, пул уларники, истаса маблағ ажратади, истамаса йўқ. Аслида бунақа лойиҳаларни бошлашдан олдин ҳомийлар билан муносабатларни пухта ҳужжатлаштириб қўйиш керак. Яъни маълум бир давргача (масалан, 1 ёки 2 йил) ҳомийлик маблағлари ажратиш мажбуриятини юклайдиган шартнома тузиб қўйиш мақсадга мувофиқ. Йўқса мана шундай 3 ойдан кейин қўл силтаб, ташлаб кетишлари мумкин.

Аммо билишимча, “Togri.”z» сайтининг лицензияси ҳалиям ўз кучида, шунчаки энди ҳомийлик маблағи келмайди холос. Бу ҳолат мажбурий обунадан мосуво бўлган газеталарникига жуда ўхшаш. Демак, сайт ўзини-ўзи молиялаштириш йўлига ўтиши керак. Албатта бу осон бўлмайди, аввало штатлар қисқаради, харажатлар минимумга туширилади, рекламадан пул топишга катта урғу берилади. Сайтга ташриф буюрувчилар, ижтимоий тармоқлардаги обуначилар сонини ошириш керак бўлади.

Ҳозирги шароитда бу унчалик осон иш эмас. Масалан, Turon24 ёпилгач, ундаги бир гуруҳ журналистлар мустақил Minbar.uz лойиҳасига асос солишганди. Бироқ, маълумотларга қараганда, ушбу лойиҳа ҳам молиявий қийинчиликлар туфайли бироз муддат танаффусга чиққан. «Togri.uz» сайтини ҳам шу қисмат кутаётган бўлиши мумкин, лекин бир марта уриниб кўриш керакдир балки.

Ўзи шунақа пайтларда ОАВлар ёпилиб кетмаслиги учун маълум муддатга ссуда ёки грантлар ажратадиган фондга эҳтиёж бор. Яъни қийин вазиятда ОАВларни маблағ билан таъминлаб, уларни оёққа туриб олишига кўмаклашиш керак.

Ёхуд ОАВлар ўзаро «қора касса» шакллантирса ҳам бўлади. Ҳар ой “қора касса”га аъзо ОАВлар кичикроқ бўлса-да бадал тўлаб боради, кассада йиғилган пуллар зарур ҳолларда мана шундай лойиҳаларни сақлаб қолиш учун ишлатилади. Бошқача айтганда журналистик бирдамликни таъминлаш фақат гапда ёки оғизда эмас, моддий томондан ҳам бўлиши мумкин.

Балки адашаётгандирман, шунчаки фикрда бу ҳам...”

“Ёпилишини 2-3 ой олдин билгандим” 

Умид Гафуров блогер:

"Нима бало Togri.uz кимга қарашли эканлигини ҳеч ким билмаганмиди? Директор, маркетологлари собиқ Артель ишчилари эканлиги тасодиф эдими ёки?

Ёпилишини 2-3 ой олдин билгандим. Никита Макаренко ҳам буни менга айтганди суҳбатимиз орасида. 

Сабаби, бу маълум мақсадлар учун яратилган ОАВ. Қараса, ҳечам фойда бермаяпти. Пул егани еган. Анча пул тикилди. Очилиш маросимини айтмайсизми. Нимадир янгиликлар қилишни бошлашди ҳам. Аммо бу ўқувчилар сонини оширишга қаратилган. Кейинчалик ўзларига қулай янгиликлар жойлаш эди мақсад, менимча. Хуллас, ўхшамади. Ташкент Ситига таклиф видеоси эса охирги нуқта бўлди. 

"Бўлди, Ёпворларинг!" дедилар шекилли 

Турон24 ҳам худди шундай бошланган. Дабдабали очилиш маросими, катта ойликлар билан яхши журналистларни ўзига оғдириб олиш ва ҳоказо.

Кейин қарашса керак бўлмай қолди бу ОАВ.

"Ёпворларинг!" дейишди унга ҳам.

Менга айтингчи, ОАВ га дабдабали очилиш маросими нимага керак? Шунга кетадиган миллионларини журналистларга ажратади ҳақиқий ОАВ бўламан деган лойиҳа.

Бирор бир ахборот воситаси дабдаба билан очиладими, билингки узоққа бормайди. ОАВ бизнес эмас. Бундай дабдабали очилиш маросимлари завод-у ресторанларга мос. Оддий сайтга эмас. 

Ўзбекистонда ҳақиқий ОАВлар кўпайсин. Кўпроқ пул берадиган жойга ўтадиган журналистлар камайсин.”

"Собиқ ишчиларга сабр тилайман"

Блогер Сафари:

“Togri.uz’нинг эндиликда собиқ ишчиларига сабр тилайман. Бемалол бошингизни кўтариб юрсангиз бўлади. Сизлар ҳис қилаётган туйғуларни Турон24 ёпилганида бошимдан кечирганман. Осон эмас. Айниқса бу ҳисни сайтнинг баъзи ходимлари иккинчи марта сезяпти. Бу икки карра оғир. “Турон”да бирга ишлаган сафдошларим бу лойиҳага янги умид билан келишганди. Афсус, тарих такрорланди. 

Рухсатингиз остида сизларга, яхши журналист, мухбир, муҳаррир ва матбуот котиби қидириб юрганларга бир нечта ажойиб номзодларни тавсия этсам:

Хуршид Йўлдошев – “Турон”да ва Togri.uz’да ўзбек версияси бош муҳаррири эди. Ажойиб муҳаррир. Кучли мутахассис. 

Баходир Абибуллаев – “Турон”да бўлим бошлиғи ва Togri’да рус версияси бош муҳаррири эди. Салоҳиятли иқтисодчи-эксперт, журналист. Матбуот котиблигига яхши номзод.

Сардор Салим – “Турон”да бўлим бошлиғи, “Минбар” ва Togri’да муҳаррир эди. Ишлаган жойлари ёпилиши бўйича абсолют рекордчи). Яхши сиёсатшунос, публицист, журналист. Хусусий секторда лойиҳа бўлса ишлаши мумкин. Давлат ташкилотларига яқинлашмаса керак. Бюрократияни ёқтирмайди. 

Мирзаёр Эркинов – “Турон”да СММ бўйича мутахассис, Togri.uz’да мухбир бўлиб ишлаган. Ўзбекистонда мен билган ташқи мухбирлар орасидан иккинчи ўринда. Узр Мирзаёр), биринчида албатта Шухрат Латипов. 

Баҳодир Ҳасанов - ажойиб спорт журналисти, “Турон”да мухбир бўлиб ишлаган. Шогирдим десам ҳам адашмасам керак. Жуда ишчан ва самарадор. 

Тўғрида ишлаган фақат шуларни билганим учун бошқалар ҳақида ҳеч нарса дея олмадим. Аслида улар ўзларига муносиб ва ҳатто анча яхшироқ иш топишларига ишончим комил. Ҳар эҳтимолга қарши тавсия қилиб қўйдим.” 

    Бошқа янгиликлар