АсосийJamiyat

ОЛИЙ СУД: 9 ойда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 138 962 та иш кўриб чиқилди

'ОЛИЙ СУД: 9 ойда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 138 962 та иш кўриб чиқилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг берган маълумотига кўра, 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 138 962 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 19,1 фоизга камайди.

Ҳисобот даврида 69 млрд. сўмдан зиёд мажбурий тўловлар (вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томондан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқалар) ни ундириш ҳақида 60 282 та суд буйруғи чиқарилди. Ушбу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сумма бўйича 68,1 фоизга, суд буйруқлари сони бўйича эса 71,3 фоизга камайди. 

Кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 120 081 та ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Ушбу қарорлар бўйича талабларнинг 86,4 % дан ортиғи қаноатлантирилди.

Ҳал қилув қарори қабул қилинган даъво тартибидаги 98 080 та фуқаролик ишларидан 27 701 таси никоҳдан ажратиш, 24 233 таси битимлар билан боғлиқ, 1 165 таси ишга тиклаш, 1 045 таси турар жойдан кўчиришга оид ва бошқа ишлар ташкил қилади.

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, ҳал қилув қарори қабул қилинган 27 701 та ишнинг 16 739 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (қонуний никоҳлар бекор қилинган), 10 962 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (қонуний никоҳлар бекор қилинмаган). Бундан ташқари, 3 945 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган ёки кўрмасдан қолдирилган.

52 696 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 

Аҳоли билан 5 375 та учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 791 та иш кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 255 та қарор бекор қилинди ва 95 та суд қарорлари ўзгартирилди.

    Бошқа янгиликлар