АсосийJamiyat

Хонобод шаҳри ҳудуди кенгайди

'Хонобод шаҳри ҳудуди кенгайди'ning rasmi

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри аҳолиси 41 минг кишини, умумий ер майдони 23 квадрат километрни ташкил этади. Бугунги кунда Хонобод шаҳри ҳудуди кичиклиги сабабли, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этишга етарлича имкон берилмаяпти. Шу боис, Қўрғонтепа туманидаги тўртта – “Султонобод”, Хонобод”, “Ш.Рашидов” ва “Авазматов” мавзеларида жойлашган жами 1.284 гектар ер майдонини Хонобод шаҳри таркибига ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармасининг расмий телеграм каналида маълум қилинди

Жумладан, Хонобод шаҳрига ўтказилаётган ер майдонларининг 492 гектарида дам олиш масканлари, меҳмонхоналар ва кемпинглар, 21 гектарида спорт иншоотлари, 145 гектарида ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда 284 гектарида бошқа зарур муҳандислик объектлари, шунингдек 267 гектарида боғлар ва замонавий иссиқхоналар ташкил этилиши режалаштирилган.

Андижон вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Абдураҳмонов:

– Андижон вилоятининг Хонобод шаҳри дастлаб ташкил этилганда аҳоли сони дастлаб 21,5 минг нафар бўлган бўлса, йилдан-йилга ортиб, бугунги кунда 41 минг нафарни ташкил этмоқда. - Хонобод шаҳрида барча коммуникация тармоқларининг мавжудлиги, ишлаб чиқариш ҳамда туристик салоҳиятга эга эканлиги сабабли маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар томонидан мазкур ҳудудга қизиқиш ортиб, ер ажратиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Шу сабабдан Қўрғонтепа тумани ҳудудининг 1284,6 га ер майдонини Хонобод шаҳри таркибига ўтказиш ғояси илгари сурилмоқда.

Ҳозирда Қўрғонтепа туманидан Хонобод шаҳрига ўтказилаётган ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” томонидан Хонобод шаҳрининг Бош режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Ишлаб чиқилган бош режага асосан 2035 йилга қадар Хонобод шаҳрида кўплаб мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, оромгоҳлар, меҳмонхоналар, кемпинглар, спорт объектлари, касалхоналар, поликлиникалар, истироҳат боғлари, туристик базалар, дам олиш масканлари, пляжлар, пансионатлар, 20дан ортиқ маданий ва маиший, савдо ва хизмат кўрсатиш ҳамда ишлаб чиқариш объекти ташкил этилиши кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар