Жаҳон иқтисодий форуми (World Ecоnomic Forum) 2019 йилги Глобал рақобатбардошлик рейтингини эълон қилди.
Бу йилги рейтингга дунёнинг 141 мамлакати киритилган бўлиб, натижалар давлатлардаги иқтисодий институтлар, инфраструктура, ахборот технологиясини қўллаш даражаси, макроиқтисодий барқарорлик, аҳолининг саломатлик даражаси, маҳсулотлар бозори, меҳнат бозори, молиявий тизим, бозорнинг ҳажми, бизнес динамикаси ва инновацион потенциал асосида амалга оширилган.
Шунингдек, ҳисоботни тайёрлашда 13000 дан ортиқ компаниялар раҳбарлари фикрлари ҳам ўрганилган.
Шунга кўра, ишлаб чиқариш ва иқтисодий ўсиш факторлари юқори бўлган жаҳондаги энг рақобатбардош иқтисодиёт сифатида Сингапур 84,8 балл билан биринчи бўлди. Ўтган йилги фаворит АҚШ бу йил икиинчи ўринга тушди. Кейин эса Гонконг (3-ўрин), Нидерландия (4-ўрин) ва Швейцария (5-ўрин) кучли бешликда.
Ён қўшнимиз Қозоғистон бу йил рейтингда 4 та ўрин кўтарилиб, 62,9 балл билан (+1,1 ўсиш) дунё давлатлари орасида 55-бўлди. Қирғизистон 96-ўринни, Тожикистон 104-ўринни эгаллади. Рейтингга Ўзбекистон эса киритилмаган.






