2019 йил 8 октябрь куни соат 15:00 да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг “Ёшлар пресс-клуби”да “Умра–2019” мавсуми бўйича Брифинг ўтказилиб, унда бошланаётган умра мавсуми, кўрилган тайёргарлик ишлари ва бошқа умра сафари билан боғлиқ бир қатор муҳим маълумотлар берилди.
Cўнгги йилларда фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланганини эслаб ўтиш ўринли бўлади.
Маълумот учун сўнгги йилларда умра зиёратига бораётганларнинг сони 10 000 нафардан ошмаган эди. Авваллари фуқароларимиз умра сафарига бориш учун йиллаб навбат кутишар, бошқа йўллар билан бориш имкониятларини қидиришар эди. Эндиликда, ортиқча оворагарчилик ва югур-югурларга барҳам берилди.
Шу ўринда 2019 йил умра мавсуми учун сарф-харажатлар сметаси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган мавсумда умра сафари учун тўланадиган маблағ миқдоридан арзонлаштирилди. Яъни 11 600 000 сўмдан 11 450 000 сўмга туширилди.
Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб САП ҳаж ва умра ишлари вазирлиги томонидан ҳар бир зиёратчи учун қўшимча 132 АҚШ доллари миқдорида маблағ жорий этилмоқда. Юқоридаги харажатлар сметасига ушбу маблағ киритилмаган. Келишувга кўра, мазкур қўшимча маблағ умра зиёрати учун жорий йил ноябрь ойидан бошлаб тузиладиган кейинги шартномада қўшилиши белгилаб олинди.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати томонидан ҳаж ва умра соҳасида чет эл зиёратчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилиб, зиёратчиларга хизмат кўрсатишнинг янги тизими яъни электрон платформа жорий қилинган.
Янги тизим тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабабли 20 кун САПга кириш визаси фаолияти тўхтаб қолган. Шу йилнинг 25 сентябрь кунидан бошлаб электрон платформа орқали дастлаб кичик гуруҳли (5-25 нафар) умра зиёратчиларига “В2С” турдаги кириш визалари расмийлаштириш бошланган.
Лекин, умра зиёратига келиши режалаштирилаётган ҳукуматлараро келишув асосидаги катта гуруҳларга эса мазкур порталнинг тўлиқ ишга туширилмаганлиги сабабли “В2В” турдаги виза бериш тизими ҳозиргача ишга тушмаганлиги ҳақида расмий билдирилди. Ушбу турдаги кириш визасини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча амалий ишлар амалга оширилиб, жараён шай ҳолга келтирилган. САПдаги ҳамкорлар томонидан ўзбекистонлик зиёратчиларни кутиб олиш ишлари ниҳоясига етган. Барча шарт-шароитлар ҳозирлаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлар ва ОАВда фуқароларимиз томонидан берилаётган турли саволларга жавоб тариқасида, юқорида зикр этилган кириш визаси билан боғлиқ масалалар тез орада ҳал этилгандан сўнг, умра сафарига отланган биринчи гуруҳ зиёратчиларимизнинг Саудия Арабистонига жўнаб кетиш куни Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.
Маълумот учун, ҳар бир зиёратчи учун тўланадиган маблағ ичига:
Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси;
Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича авиачипта;
Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона;
ошпазлар томонидан тайёрланадиган тансиқ таомлар; сархил мевалар, ширинликлар, салқин ичимликлар;
24 соатлик бепул тўлиқ тиббий хизмат;
мамлакатимиз рамзлари туширилган махсус нимча ва сумка;
Умра қўлланмаси (китоби), бейжик, қўл тасмаси, вакцина, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган.
Маълумот учун, Умра зиёрати 10 кунни ташкил этиб, юртдошларимиз 3 кун Мадинаи мунаввара, 7 кун Маккаи мукаррама шаҳрида бўладилар.
Умра сафари давомида зиёратчиларга ўзбекистонлик
5 нафар ишчи гуруҳи, 200 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши) ва 47 нафар шифокор хизмат кўрсатади.






