Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан қарздор жисмоний шахслар ва олиб қўйилиши лозим бўлган болани, шунингдек, қарздорнинг мол-мулкини қидириш бўйича махсус қидирув бўлимлари фаолият кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 15.02.2018 йилдаги “Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5343-сонли Фармони қабул қилинди, унга кўра Мажбурий ижро бюросида Ахборот таъминоти ва қидирув бўлими, ҳудудий бошқармаларда ахборот таъминоти ва қидирув шўъбаси ҳамда туман (шаҳар) қидирув гуруҳлари ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида Бюронинг қидирув ходимлар томонидан амалга оширилган қидирув тадбирлари натижасида жами 5771 нафар шахслардан 3734 нафари топилиб, улардан 15 млрд. 752,5 млн. сўмлик қарздорлиги ундирилиши таъминланган. 2037 нафар (қидирувдаги 2037 нафардан 1846 нафари ёки 90,6 фоизи алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган қарздор жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келади) қарздорларга нисбатан эса қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда. Қидирув тадбирлари ва кўрилган тезкор чоралар натижасида қидирувдагиларнинг 1375 нафари чет элда 662 нафари эса республика ҳудудида эканлиги аниқланиб, уларга нисбатан тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Биргина мисол, Янгийўл шаҳарда фаолият юритган корхона раҳбари Карим Толипов (исм ва фамилияси ўзгартирилган) ўзига тегишли бўлган ишлаб чиқариш корхонасида тегишли тартибда техник шарт олмасдан, энергоресурслар ва сув таъминоти соҳасидаги таъминотчи корхоналар билан шартнома имзоламасдан, энергоресурслар ва сув таъминоти тизимига ўзбошимчалик билан уланиб, ноқонуний равишда фойдаланиб келиши оқибатида 50 млн. сўмдан зиёд миқдорида зарар етказганлиги аниқланган.
Мажбурий ижро бюросининг Янгийўл шаҳар бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1852-моддаси 6 қисмида “биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса жавобгарликдан озод этилади” деб кўрсатилганлигига асосан етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш учун корхона раҳбарига 30 кун муддат берилган.
Имконият берилганига қарамасдан МЧЖ томонидан етказилган зарар ихтиёрий равишда қопланмаганлиги сабабли, Бюронинг шаҳар бўлими томонидан корхонанинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 1852-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Суриштирув ҳаракатлари давомида, корхона раҳбари жавобгарликдан қочиш мақсадида, Тошкент вилояти “Ғишткўприк” божхона комплекси орқали Москва шаҳрига чиқиб кетганлиги маълум бўлган, шу сабабли унга нисбатан сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган.
Қидирув ҳаракатлари давомида, қарздор шахс Россия федерацияси, Москва вилояти, Руз шаҳрида ушланиб “қамоққа” олинган ҳамда 1993 йилда қабул қилинган “Минск конвенцияси”га асосан Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинган.
Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида, қўлга тушган жавобгар шахс Карим Толипов томонидан етказилган 50 млн. сўм зарар қопланганлиги муносабати билан унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилган.
Азиза Юсупова Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг Ахборот-коммуникация технологиялари Маркази мутахассиси






