Ўзбекистон Республикасининг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (Туркий кенгаш)нинг Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган еттинчи саммитида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши кутилмоқда.
Маълумки, 14 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти томонидан Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлисида маъқулланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланган эди.
Тарихга назар ташласак, 1992 йилдан бошлаб, туркий тилли давлат раҳбарлари саммити ўтказила бошлаган.
2009 йил 3 октябрь куни Озарбойжон Республикасининг Нахичеван шаҳрида мазкур саммит негизида туркий тилли республикалар ҳамкорлиги кенгашини (Туркий кенгаш) тузиш тўғрисида Озарбойжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида битим имзоланган эди.
2012 йил 25 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий тилли давлат раҳбарлари Туркий Кенгашнинг байроғини тасдиқладилар. Унда ўша пайтда ушбу ташкилотга аъзо бўлган тўрт давлат (Озарбойжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон)байроқларидан маълум тимсоллар саралаб олинганди. Жумладан Қозоғистон байроғидан мовий ранг, Қирғизистон байроғидан қуёш рамзи, Туркиянинг байроғидан ҳилол ва Озарбойжон байроғидан саккиз қиррали юлдуз олинган.
Ўзбекистон энди ушбу халқаро ташкилот таркибига бешинчи аъзо давлат бўлиб кирди. Мантиқан ўйлаб кўрилса, демак ташкилот байроғига ҳам энди ўзгартириш киритиш керак бўлади. Унда аввалги тўрт давлат рамзидаги тимсоллар жой олган экан, Ўзбекистон байроғидан ҳам бирор тимсол жой олиши лозим. Хўш, унда бизнинг байроғимиздан қайси унсур бу халқаро байроққа киритилиши мақсадга мувофиқ? Балки, Туркий кенгаш байроғи марказидаги саккиз қиррали юлдуз атрофида бизнинг 12 та юлдузимизни жойлаштириш керакдир?
Нима бўлган тақдирда ҳам бу сиёсий воқеа мамлакатимиз ва туркий тилли мамлакатлар ҳаётида катта ижобий ўзгаришларга сабаб бўлишига умид қиламиз.






