Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида фуқароларнинг пахта теримига мажбурий тарзда жалб этилгани хусусида хабарлар эълон қилинди. Ушбу ҳолат бўйича Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари айни йўналишда қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилганини кўрсатди.
Давлат меҳнат инспекциясининг Денов телекоммуникация боғланмасида ўтказган текширувларга кўра, унинг ишчилари: Х.Ботирова, Б.Қурбонов ва Д.Соатовалар пахта теримига мажбурий тарзда жалб этилган. Қонунчиликка зид ҳаракатлари сабаб ташкилот бошлиғи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмида кўрсатилган миқдорда жаримага тортилди.
Денов тумани чорвачиликни ривожлантириш ва ветеринария бўлими бошлиғи ҳам қўл остидаги ишчиларни пахта теримига жалб қилган. Шу сабабдан унга ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 1-қисмида кўрсатилган миқдорда жарима белгиланган.
Давлат меҳнат инспекциясининг ўрганишлари Денов тумани Маданият бўлими ходимларининг пахта теримига жалб қилинмаганини кўрсатди. Маълум бўлишича, улар 30 сентябр куни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан теримчилар учун концерт дастурини уюштирган.
Шу куни Денов тумани Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам пахта теримига жалб қилинмаган. 30 сентябр куни улар ўзига бириктирилган ҳудудда ўзига юклатилган вазифани бажарган.






