Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг қўшма қарорига биноан ишлаб чиқилган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги низомда ички ишлар органларига ҳам қатор вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши лозим.
Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан доимий депутатлик назоратини амалга оширади.
Депутатлик назорати натижалари бўйича маҳаллий урф-одатлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ушбу Низом доирасида тегишли ҳудуддаги тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа қўшимча талаблар ҳамда тавсиялар белгиланиши мумкин.






