Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг қўшма қарорига биноан ишлаб чиқилган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги низомда Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва ФҲДЁ органларига ҳам алоҳида вазифалар белгилаб берилди.
Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази қуйидаги вазифалар учун масъулдир:
- тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни режалаштирган оила вакиллари билан, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида суҳбатлар ташкил этиши;
- хотин-қизларга тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни камхарж қилиб ўтказишни, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтириши;
- “Ота-оналар университети” машғулотларида сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа носоғлом орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатларини тушунтириши лозим.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи:
- турмуш қуриш арафасида турган ёшлар билан ижтимоий-психологик суҳбатлар уюштириши, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаши, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши;
- ёшлар ўртасида урф бўлаётган “оммавий маданият”, “севги тарихи”, қимматбаҳо машиналар кортежи ва бошқаларнинг салбий оқибатларини кўрсатиб берадиган ижтимоий роликлар ва фильмлар, бадиий асарлар тайёрлаш ҳамда тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириши лозим.
ФҲДЁ органлари:
- никоҳдан ўтиш мақсадида ариза берган шахслар ҳамда уларнинг ота-оналари билан яшаш жойларида, маҳаллада суҳбатлар уюштириши, уларга никоҳдан ўтиш тартиб-таомиллари, тўй маросимларини камхарж ва ихчам ўтказиш бўйича тушунтириш бериши;
- маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда дин уламолари, тиббиёт ходимлари, психологлар иштирокида “Ёш келин-куёвлар клуби”, “Оила мактаби”, “Қудалар суҳбати” каби курслар ташкил қилиши;
- никоҳдан ўтиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказгандан сўнг уч иш кунида никоҳланувчи шахслар яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинини бу ҳақда хабардор қилиши лозим.






