Жорий йилнинг 7-8 октябрь кунлари пойтахтимиз Тошкент Ислом ҳамкорлик ташкилотининг нуфузли халқаро анжуманига мезбонлик қилади.
Мазкур семинар “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзуида бўлиб ўтади. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси(ИҲМДК) ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲОКБ) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий марказининг матбуот хизматидан хабар берилишича, Семинар давомида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни рағбатлантириш учун хизмат қиладиган мавжуд халқаро ва минтақавий воситаларнинг қўлланилиш соҳасини объектив таҳлил этилади.
Шунингдек, анжуман ишида ИҲТга аъзо давлатларда ёшлар ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиши учун дуч келаётган муаммоларни ажратиб олиш, ёшларга тааллуқли жорий сиёсат ва дастурлар таъсирини ўрганиш, барча давлат стратегияларида ёшлар ҳуқуқларини ҳисобга олиш бўйича ҳуқуқий, маъмурий ва сиёсий доиралар фаолиятини аниқ тавсиялар билан яхшилаш учун йўл ҳамда воситаларни таклиф этиш каби мақсадларга эришиш кўзда тутилган.






