Минглаб француз полициячилари Парижда норозилик намойишларига чиқишди. Бу ҳақда Ntdtv.ru нашри хабар берди.
Бу ҳуқуқ- тартибот ходимларининг сўнгги 18 йилдаги энг йирик намойиши эканлиги айтилмоқда. Полиция ходимлари меҳнат шароитларининг оғирлиги ва уларга нисбатан ёмон кайфиятдан шикоят қилишмоқда. Шунингдек, улар ҳамкасблари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортиб бораётганидан ташвишда. Жорий йилнинг ўзида 52 нафар офицер ўз умрига нуқта қўйган. Полициячилар террочилик таҳдидлари ва “сариқ нимчалилар” намойишлари сабаб уларга қўйилаётган талаблар ҳаддан ташқари ортиб кетаётганидан норози.
Шунингдек, улар полиция хизматчиларига нисбатан уюштирилган ҳужумлар учун жавобгарликни кучайтиришни талаб қилишмоқда. Норозилик намойишининг яна бир сабаби эса Эмануэл Макрон томонидан амалга оширилаётган пенсия ислоҳотидир. Полициячилар айнан ушбу ислоҳот сабаб қатор имтиёзлардан маҳрум бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Маълумотларга кўра, норозилик намойишида 20 мингга яқин полиция ходими иштирок этмоқда.






