АсосийJamiyat

Табиат ва инсониятга зарар келтираётган “Навоийазот”АЖнинг айрим цехларининг фаолияти вақтинча тўхтатилди

'Табиат ва инсониятга зарар келтираётган “Навоийазот”АЖнинг айрим цехларининг фаолияти вақтинча тўхтатилди'ning rasmi

Давлат Экология қўмитаси томонидан жорий йил 16 - 25 сентябрь кунлари аҳолининг кўп сонли шикоятларига сабаб бўлган «Ўзкимёсаноат» АЖ тасарруфидаги Навоий вилоятида жойлашган «NAVOIYAZOT» акциядорлик жамиятида текширувлар ўтказилди.

Қўмита берган маълумотларга кўра, мазкур корхона 1964 йилда ишга туширилган бўлиб, бугунги кунга қадар айрим цехлари бирор маротаба реконструкция қилинмаган, эскирган ускуналарни алмаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар доимо кечиктириб келинган. Таҳлилларга кўра, корхонанинг «Кучсиз азот кислотасини ишлаб чиқарувчи», «Каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи», «Аммиак селитра ишлаб чиқарувчи» цехларидаги агрегатлар, эҳтиёт қисмлар белгиланган муддатларда алмаштирилмаган. Оқибатда азот оксидлари, хлор ва хлор кислотаси, аммиак моддасини атмосфера ҳавосига ташланиши рухсат этилган меъёрлардан чиқиш ҳолатлари бир неча бор аниқланган. Сабаби ускуналар эскирган, буюртмалар берилган бўлса-да, янги қурилмалар етказиб берилмаган, эскирган қурилмалардан ҳали-хануз фойдаланиб келинмоқда.

Текшириш даврида ўтказилган лаборатория таҳлил натижаларига кўра корхона фаолияти натижасида атроф-муҳитга ташланаётган ифлослантирувчи моддалар таркибидаги азот оксидлари 2,9 маротаба, аммиак 1,5 маротаба, хлор моддаси 9,4 маротаба, хлорид кислотаси 1,5 маротаба рухсат этилган меъёрдан юқори чиқиш ҳолатлари аниқланди.

Текшириш даврида корхонанинг «1-навбатдаги азот кислотасини ишлаб чиқарувчи» 5-цехидаги 10-агрегатни, 25-цехидаги 1-агрегатни, «Аммиак селитра ишлаб чиқарувчи» 23-цехдаги 87-манбани, «Каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи» 107-цехдаги 1-компрессорни ва «Аммоний хлорид ишлаб чиқариш» бўлими фаолиятлари вақтинча тўхтатилди.

Корхона фаолияти натижасида ҳосил бўлган оқова сувларни Зарафшон дарёсига ташланаётган нуқтасида лаборатория таҳлиллари ҳам салбий натижаларни кўрсатган.

Бундан ташқари, корхона ҳудудида турли хил чиқиндилар белгиланмаган жойга аралаш ҳолатда жойлаштирганлиги, ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганлиги, корхона ташқарисида ўзига тегишли бўлмаган ер майдонида жуда кўп миқдордаги (12.000 тн) қурилиш ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини олиб бориб жойлаштирилганлиги оқибатида атроф муҳит ҳолати сифатининг бузилишига олиб келганлиги аниқланди.

Текшириш натижаларига кўра, жами 45 нафар масъул шахсларга нисбатан жами 27,8 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар ҳамда атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштирилганлиги учун қўшимча равишда 520,4 млн. сўм компенсация тўловлари ҳисобланди.

    Бошқа янгиликлар