АсосийJamiyat

Эҳтиёт бўлинг: Сохта “тариқатчи”лар!.. ёки Қурбонали Аҳмедовнинг куракда турмайдиган даъволари хусусида

Олам шу қадар мукаммал яратилганки, ундан на бир нарсани олиб бўлади, на бирор нарса қўшиб... Ислом таълимоти хусусида ҳам гап шу!.. Шу маънода муқаддас Қуръони карим, сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўз ғоявий манфаати йўлида нотўғри талқин қилган ҳолда ўз-ўзича фатво чиқариш, янги талаб ва қоидаларни яратиш инсонни залолатга бошлайди. Бунга турли бузғунчи кучларнинг Исломни ниқоб қилган ҳолда амалга ошираётган қонли фаолияти яққол мисолдир.

Ҳар қандай мутаассиблик билимсизликдан келиб чиқади. Билимсизлик эса динда ҳаддан ошган ғулувчиларнинг асосий камчилиги экани кундан кунга ойдинлашиб бораётир... Бундай фикрларни қўшни Қозоғистонда истиқомат қилиб, ўзини “нақшбандия пири” деб кўрсатаётган Қурбонали Бакбуллаевич Аҳмедов олиб бораётган диний-тасаввуфий фаолиятига нисбатан ҳам айтиш мумкин.

                   Тасаввуф нима? Нақшбандийлик-чи?

Тасаввуф – ислом дини бағрида пайдо бўлиб, Аллоҳга етиш даражасида комилликка даъват этган, инсоният маънавий тараққиётида ижобий аҳамиятга эга бўлган таълимот. Ислом тарихида тасаввуфнинг бир неча тариқатлари шаклланди, ёйилди, ўз атрофида тарафдорлар пайдо қилди. Шу жумладан, “Нақшбандия” – тасаввуф тариқатларининг энг сўнггиси. У хожагон тариқати сифатида XII асрда Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103 – 1179 йиллар) томонидан шакллантирилди. XIV асрда эса Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (1318 – 1379 йиллар) тарафидан такомилга етказилди ва хожагон-нақшбандия тариқати, деб юритилди.

XV асрдан бошлаб Абдураҳмон Жомий ташаббуси билан “Нақшбандия”, дея номланди. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу тариқати давомчилари бор. Муҳаққиқ уламолар Нақишбандия тариқати “ўртача ва мўътадил, шариатга эргашиш, тариқатнинг осонлиги билан ажралиб туради, у дин уламолари ичидан кенг тарқалган”лигини алоҳида таъкидлайдилар. Шунингдек, бу тасаввуф таълимотининг шиори - “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” (“Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!)маънавиятимизни шакллантиришда катта ахамиятга эга экани Президентимиз Ислом Каримовнинг кўплаб чиқишлари, хусусан, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида алоҳида қайд этилади.

Мамлакатимизда буюк аждодларимиз, улар қолдирган бебаҳо маънавий меросларга юксак эҳтиром билан ёндошилади. Истиқлолга эришганимиздан сўнг, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий сингари буюк сиймоларнинг таваллуд айёмлари кенг миқёсда нишонланди. Нақшбандия ғоялари тарғиб ва ташвиқ этилган кўплаб асарлар чоп этилди, мамлакатимизда ўзига хос нақшбандшунослик юзага келди, кўп илмий ва илмий-оммабоп асарлар яратилди. Тариқат пирлари мақбаралари обод қилиниб, зиёратгоҳларга айлантирилди.

                            Гуруч ичидаги курмаклар

Аммо шуни унутмаслик керакки, тасаввуф, жумладан, Нақшбандия тарихида ҳамма макон ва замонларда Аллоҳ йўлида юрган улуғ зотлар билан бирга ушбу тариқати пинжига тиқилиб олиб, ўз ёвуз мақсадларини амалга оширишга интилган сохта, манфаатпараст, таъмагир тоифалар ҳам бўлган.

Афсуски бундайлар ҳозир ҳам топилади. Бундай сохта тариқатчилар жамиятга ёт ғоялар тарқатиб, амалда ҳам нақшбандиянинг шаънига доғ туширишади, ҳам соф, тоза эътиқодли фуқароларимизни чалғитишга, шу тариқа уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилишади. Сезаётган бўлсангиз керак, гап Қурбонали Аҳмедов фаолиятига бориб тақалмоқда.

У ўзини мамлакатимизда нақшбандия-мужаддидия-ҳусайния тариқатининг раҳбари, деб танитган марҳум Иброҳим эшон (Иброҳим Маматқулов, 1937 – 2009 йиллар)нинг “халифаси” (ўринбосари), деб эълон қилган. Муридлари томонидан унинг “Руҳоният оламининг султони”, “Оламларнинг соҳиби” экани, даражаси Рим папасиникидек бўлиб, ҳокимияти дунёвий ҳомиятлардан устунлиги даъво қилинмоқда.

Қурбонали Аҳмаднинг “Рухнама” номли китобида, шунингдек, 2014 йилнинг 21 август куни Жанубий Қозоғистон вилояти Чаян қишлоғида Қурбонали Аҳмаднинг бобоси Оппоқ эшон таваллудининг 150 йиллигига бағишлаб “Оппоқ эшон – руҳоният оламининг дарвозаси” номи остида ўтказилган илмий-амалий конференция иштирокчиларига тарқатилган материалларда қуйидагича куракда турмас даъволар учрайди.

Улар ҳатто: Ер юзида 200 дан ортиқ давлатларнинг подшоҳликлари билан бир қаторда дунё динларининг, уларнинг тармоқларининг руҳоният подшоҳликлари ҳам салтанат қураяпти. Дунё подшоҳликлари ҳам руҳоният подшоҳликлари ҳам Одам атодан улашиб келаётган дастурли подшоҳликлар бўлиб ҳисобланади. Масалан, католик христианларининг руҳоният подшоҳлиги Ватикан бўлса, мусулмонларнинг руҳоният подшоҳлиги нақшбандия. Рим-католик черковининг маркази бўлиб ҳисобланган Ватикан – руҳоният подшоҳи авваллари ҳам ҳозир ҳам «Рим папа»си деб номланади. Хўш, мусулмонларнинг руҳоният подшоҳлигининг подшоҳи авваллари ҳалифа, деб аталса, ҳозир пир, эшон, деб номланади.

Рим папасининг даражаси – ўзининг нафсини кўриб қолиб: «Анал ҳаққ!» деб айтган Мансур Ҳаллож, Муҳйиддин ибн Арабий пирларимизнинг ўлчамида турибди. Нақшбандия тариқати эса, пирининг даражасини озгина буришга (кўтаришга) ҳам асло қўл урмайди. Бир оғиз сўз билан айтсак, у (Қурбонали Аҳмад) – Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг меросхўри ваколатига эгалик қилаётган комил пирдир, «Оламнинг қутби», «Оламларнинг соҳиби».

Дунёда пирлар кўп, лекин оламларнинг қутби, оламларнинг эгаси – биттагина, фақат ёлғиз!

...Афсусланарлиси, олам тан олган комил пиримиз халқимизда расмий тарзда тан олинмаяпти. Қутби олам – оламларнинг қутби, оламларнинг эгаси комил пир, ҳозирги вақтда пирларнинг ватани, пирлар байроғини кўтарган буюк Тараз шаҳрида истиқомат қилади” (Матнлар қозоқ тилидан ўзбек тилига ўгириб келтирилди)

                    Эътиқодми ёки ширк?

Ушбу иқтибосни ўқиган оқил инсонлар беихтиёр истиғфор айтиб юбориши табиий. Ахир, “Руҳоният олмининг султони”, “Оламларнинг соҳиби” деган нисбатлар бориб турган ширк эмасми?! Наҳот, Яратганга ширк келтириш кечирилиш эҳтимоли паст бўлган гуноҳ эканлигини мўъминликка даъвоси катта бўлган бу муридваччалар билмайди?!

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Улуғлик, улуғворлик, фахр меникидир. Тақдир менинг сиримдир. Ким мен билан шуларнинг бирида тортишса, уни дўзахга улоқтираман” (Ҳаким Термизий ривояти). Шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.) бир кишининг “Эй, шоҳоншоҳ”, деганини эшитиб: “Подшоларнинг подшоси Аллоҳдир!” деганлари таъкидланган (Ибн Нажжор ривояти). Қаранг-а, Аллоҳнинг энг суюк, энг маҳбуб Элчиси ўзига нисбатан “шоҳоншоҳ” атамасини эшитишлари ҳамоно дарҳол умматини тўғри йўлга солиб қўймоқда. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга “меросхўрлик” даъвосида бўлган бу “тақсир” ўз муридлари томонидан ширк аралаш кўкка кўтаришига, жуда юмшоқ айтганда, томошабинликдан нарига ўтмайди, гўё...

                              “Устоз” кўрган “муридлар”

Энг ёмони, мамлакатимизда ана шу Қурбонали Аҳмедовни нақшбандия тариқатининг “пири муршиди” сифатида кўриб, унга кўр-кўрона эргашаётган, тез-тез унинг зиёратига – суҳбатига бориб-келиб турадиган кишилар тоифаси ҳам шаклланди. Бундан ҳам ёмони – бизда ўзини Қурбонали Аҳмедовнинг Тошкентдаги “халифаси” (ўринбосари) деб атаётганлар ҳам пайдо бўлди. Ваҳоланки, Қурбонали Аҳмедовнинг “тариқати” нечоғли экани юқоридаги қисқа баёнлардан ҳам маълум.

Камига “бу зоти шариф”нинг “Руҳнама” китобидан иқтибос келтириш мумкин: “Мен кўп йил араб мамлакатларида бўлдим бироқ “Ё Аллоҳ”, “Ё пирим”, “Ё авлиё” деган қозоқнинг динидан яхшироғини кўрмадим”. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бутун инсониятга раҳмат элчи қилиб юборилганлар. Бундан ташқари Аллоҳ таолонинг Каломи шарифида барча мўминларнинг тенглиги айтилган бўлса, динни “қозоқлаштириш”, ҳар бир ғоя ва ақидани баён қилишда шу миллатни таъкидлаш соғломга ақлга тўғри келадими?!

Шуни ҳам айтиш керакки, Қурбонали Аҳмедов илгари сураётган ғоя ва талқинларда тасаввуфни шариатга қарама-қарши қилиб қўядиган кўплаб нуқталар борки, масаланинг энг ташвишли жиҳати ҳам шунда..

                                     Ҳақиқатдан узоқ даъволар

Шариатда фарз бор, суннат бор. Фарз – Аллоҳ тарафидан бандаларга шарт қилиб қўйилган қоидалар. Суннат – Муҳаммад алайҳиссаалом ҳаётлари давомида қилиб ўтган амаллари ёки тарғиб қилган одатлар мажмуидир. у мусулмонларнинг кундалик ҳаётида дастуруламал бўлиб хизмат қилади ва уларнинг амалларини янада гўзаллаштиради. Аммо на фарзда, на суннатда: “Комил мусулмон бўлиш учун, албатта, бир пирга қўл бериб, унга мурид тушиш керак”, – деган талаб йўқ. Қурбонали Аҳмедов ўз чиқишларида шуни асосий шарт қилиб қўйяпти:

“Инсоннинг руҳониятни танимаслиги – унинг қалб кўзи очилмаганидир.

...«Нима қилса руҳий кўзни очиш мумкин?» деган масалага келсак, у – йўл кўрсатувчи орқали амалга ошишини таъкидлаб айтамиз.

«Йўл кўрсатувчи ким?» - дейдиган бўлсак, албатта, у пир! Яъни, банданинг руҳий кўзи, қалб кўзи пирга қўл бериб, пирнинг этагидан ушлагандагина очилади. «Пирсизнинг пири - шайтондир» дейилган мақол худди шу мавзуга таълуқли қилиб айтилган.

  Тасаввуф тарихидан биламизки, аввал – шариат, кейин – тариқат. Тариқат асло шариатсиз амалга ошмайди. Шундай экан, тасаввуф шариатнинг бирор-бир талабига зид келишга ҳақли эмас. Ҳатто, ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг ўзлари: “Суннат мутобаати риояти улуғ ишдурки, ҳар киши бу тариқимиздан юз уюрса (ўгирса), анга дин хатаридур” (“Нақшбандия” журнали, 2014 йил), деганлар.

Ҳар қандай соҳада бўгани каби дин илмида ҳам устоз бўлгани яхши, албатта. Аммо машҳур уламоларимиз “...ўша устоз етук бўлмаса, илми одам ўзи китоблардан фойдаланиб иш юртгани маъқул”, дейди. Зеро, илмсиз, ғулувга кетган ”пир”га қўл бериш яхши оқибатларга олиб келмайди. Илло на Қуръонда, на ҳадисларда: “Пирга қўл бермай туриб мусулмон бўлиш мумкин эмас”, – дейилган жой йўқ.

Қурбонали Аҳмедовнинг тарафдорлари томонидан тарқатилган маълумотлардан яна иқтибос келтирамиз: “Нимага ҳозир арвоҳга, жонга, Руҳга, Руҳониятга, Нурга, Пирга имон келтирган ота-боболаримизнинг ишончини тарк қилаяпмиз?”.

Бундай фикрларни ақида сифатида кўтариб юриш айни шаккоклик ва динда чиқишнинг ўзидир. Чунки имон нима эканини, ислом нима эканини Қуръони карим ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан билиб олинади. Кимларнингдир бу борадаги қарашлари ва тасаввурларидан эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом кўплаб ҳадисларида умматларини огоҳлантириб: “Ким бу ишимизда (яъни ислом динида) ундан бўлмаган бирор янгилик пайдо қилса, у мардуддир” деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган)

                              Тасаввуф ҳамма учунми?

Ислом динида Аллоҳ таолога, унинг нозил қилган китобларига, фаришталарга, пайғамбарларга, охират кунига, қазойи-қадардаги яхши ёки ёмон ишнинг Аллоҳдан эканига ва ўлимдан кейин қайта тирилишга иймон келтирилади. Ҳеч бир диний манбаъда арвоҳга, жонга, Руҳга, Руҳониятга, Нурга, Пирга иймон келтириш деган ақида ёки қараш йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки бундай қарашлар асл исломий эътиқод тамойилларига мутлақо зид бўлган бидъат-хурофотдир.

Қурбонали Аҳмедов бу билан кифояланиб қолмай, ўз маърузаларида етук ислом уламоларини очиқдан-очиқ Қуръон моҳиятини тушунмаганликда, ҳеч бўлмаганда, юзаки англаганликда айблайди. Бу борада у VIII асрда вужудга келган ва Қуръон оятлари ва ҳадисларни зоҳирий ва луғавий талқин қилишга қарши чиққан ботиния оқими иддаоларига ўхшаш қарашларни илгари суради.

қозоғистонлик “тариқатчи”нинг: “...Инсон оят, ҳадис ва шариатни сув қилиб ичиб юборса ҳам, унда муҳаббат бўлмаса, мусулмон бўлолмайди”, – деган нуқтаи назари – тамоман хато. Агар бу ердаги “мусулмон” сўзи ўрнига “сўфий” сўзини қўйиб тушунишга ҳаракат қилинса, мантиқ чиқиши мумкиндир. Лекин шариат – авом, яъни омма, яна ҳам аниқроқ қилиб айтсак, ҳамма учун. Тасаввуф эса – хос, яъни алоҳида (кам сонли) кишилар учун.

Қолаверса, айни тасаввуф оламининг йирик намоёндалари айни шариатни инкор қилувчи, уни оёқ ости қилувчи “пир”лардан огоҳлантирганлар. Буюк тасаввуф олимларидан бири, “ҳужжат-ул Ислом” Абу Ҳомид Ғаззолий (р.а.) бундан бир неча аср аввал: “Аллоҳ таолонинг йўлидаги соликлар жуда оздир, аммо уни даъво қилувчилар жуда кўп” деган бўлса, Абу Язид Бистомий (р.а.): “Агар кароматлар берилиб, ҳаттоки осмонга кўтарилаётган кишини кўрсангиз, то унинг шариат буйруқлари ва қайтариқларига қай даражада риоя этаётганини кўрмагунингизча у билан алданиб қолманг”, деган.

Буюк бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий (қ.с.) “Насоимул муҳаббат” китоби муқаддимасида солик шариатга биринчилардан бўлиб амал қилиши ва ундан бир қадам ҳам четга чиқмаслиги лозимлигини эслатиб ўтиб: “Бу тоифанинг шариъат риояти ва суннат мутобаъатидин улуғроқ ишлари йўқтур” деган.

Нақшбандия, ҳатто, ўзида сўфийлик истеъдоди, борингки, каромати борлигини оммага ошкор қилишни ҳам қаттиқ қоралаган.

Айнан хос кишиларгагина тегишли тартиб-қоида, талаб оммага ёйилиб кетиб, жамиятда ортиқча муаммо келтириб чиқармаслиги учун! Зеро, Ислом – мўътадил дин. Аллоҳ Ислом шариатида инсонга тоқатидан ортиқ нарсани жорий қилмаган. Ҳатто фарз ибодатларида ҳам банданинг узрли ҳолатлари инобатга олинади. Масалан, сафарда юрган одам фарз намозларини “қаср” қилиб ўқийди, бемор рамазон рўзасини шифо топганда тутиб беради, бордию хасталиги оғирроқ бўлса, тутолмаган ҳар бир кун рўзаси учун бир мискиннинг бир кунлик таоми миқдорида фидя беради. Бу билан хаста банда зиммасидаги фарз амалидан соқит бўлса, иккинчи томондан, бир мискиннинг ҳожати раво бўлишига сабаб бўлади. Ва ҳоказо... Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларнинг: “Ё, Расуллуллоҳ, сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингиз мағрифрат қилинган, биз сиздай эмасмиз”, деган гапларидан ғазабланиб: “Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!” дер эдилар. Яъни, саҳобаи киромлар Расулуллоҳга “биз сиздай гуноҳлардан ҳоли эмасмиз”, дея кўпроқ ибодат қилиб, ажру савоб олишни хоҳлашган пайтда Расули акрам ғазаби келиб (Пайғамбаримиздай хушхулқ, маъсум банда йўқ аслида!): мендай тақводор, Аллоҳни менчалик таний олмайсиз-у нега мен қилмаган ибоатларни қилмоқчи бўласиз? демоқдалар. Яъни, фарз ва суннат ибодатлари сизларга етарли, илло ортиқча ибодатларга берилиш одамнинг ғулувга кетишига, оила ва жамият олдидаги вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиб қолиши мумкин.

                                               Пирга қўл бериш жоизми?

«Қурбонали тақсир» тарғиботида яна бир хато фикр бор. Унингча: “Пирга билиб-билмай қўл берган инсонни Аллоҳ онадан туғилгандек бегуноҳ қилиб қўяди”.

Тариқатда “тасаввуфий тавба” деган тушунча бор. Бу, ҳақиқатан ҳам, муриднинг аввалги ҳаёт тарзидан воз кечиб (яъни тавба қилиб), пирга қўл бериши, сўфиёна ҳаёт тарзини қабул қилганини билдиради. Аммо бир нарсани асло эсдан чиқариб бўлмайди: исломдаги оддий тавба тушунчаси билан тасаввуфий тавба тушунчаси ўртасида катта фарқ бор. Бу фарқ шундан иборатки, банда – ожиз зот. У билиб-билмай ҳар қадамда хато қилиши мумкин. Шунинг учун у хатосини англаган заҳоти тавба қилиши зарур. Агар бир хатосини англаб, тавба қилса, яъни бу хатони иккинчи бор такрорламасликка Худо гувоҳлигида ўзига ўзи сўз бериб, сўнг, ҳақиқатан ҳам, шу ишни асло қилмаса, бу оддий маънодаги тавба ҳисобланади. Лекин тасаввуф тарихидаги бирор-бир манбада, мурид пирга қўл бериши билан Аллоҳ тарафидан барча гуноҳлари кечирилади, деган кафолат йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки исломий ақидага кўра, Аллоҳ кимнинг қайси гуноҳларини кечирган ёки кечирмагани қиёмат кунидагина маълум бўлади.

Қурбонали “ҳазрат” пирга қўл беришни шу қадар улуғлайдики, унингча: “Пирга қўл бермаган одам ўз нафсининг хизматчиси бўлиб қолади”.

Лекин кўплаб фақиҳлар ўзларининг фатво китобларида шайхларга қилинган байъат шаръий аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлайдилар. Мисол учун ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган фақиҳларидан бири Муҳаммадамин ибн Обидин ўзининг “Танқийҳ ал-фатаво ал-Ҳомидия” асарида: “Пирларга қилинган байъат лозимий бўлмайди. Чунки бу шариатда асли йўқ амалдир” деган.

Қолаверса, биз демократик ҳуқуқий давлатда яшаймиз. Пирга қўл бериш-бермаслик у ёқда турсин, ҳатто, бирор-бир динга эътиқод қилиш ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳам фуқаронинг хос ҳуқуқи ҳисобланади. Шу маънода айтадиган бўлсак, жамиятимизга бундай ёт ғояларнинг кириб келиши аҳоли ўртасида турли ихтилоф ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариш эҳтимолини юзага келтиради. Масаланинг оғриқли жиҳати ҳам шунда.

    Бошқа янгиликлар