АсосийJamiyat

Қуролли Кучлар академиясида республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди

'Қуролли Кучлар академиясида республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида «Ҳарбий-педагогик фаолиятни такомиллаштиришнинг муҳим масалалари» мавзусида республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.

Унда академия ўқитувчи-профессорлари, фан номзодлари, республикамизнинг етакчи олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ҳарбий таълимга оид ўз чиқишлари билан иштирок этди. Семинарда ҳарбий таълимни такомиллаштириш мудофаа таъминотининг асоси эканлиги алоҳида қайд этилди.

– Биз ҳарбий таълимнинг қанчалик юқори даражасига эришсак, мамлакатимиз мудофааси ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Чунки бугунги олий ҳарбий таълим даргоҳларида тарбияланаётган курсантлар эртага она Ватанимиз ҳимоячисига айланади. Шу боис таълим сифатига ўта жиддий ва масъулият билан қарашимиз лозим, – дейди Қуролли Кучлар академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Иқболжон Абдураҳмонов.

Ўзбек офицерининг маънавий қиёфасини шакллантиришда айнан нималарга аҳамият бериш кераклиги мавзуидаги чиқиш кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Семинар қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлганини ҳам алоҳида эътироф этиш даркор.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда академияда 100 га яқин докторант ва мустақил изланувчилар ҳарбий санъатнинг долзарб муаммолари бўйича диссертация тадқиқотларини олиб бормоқда. 2018-2019 ўқув йилида академиянинг 6 нафар офицери диссертация тадқиқотларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, «Ҳарбий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)» илмий даражасига эга бўлди. Бугун академия ўқитувчилар таркибида 100 дан ортиқ фан доктори ва фан номзодлари курсантларга таълим-тарбия бериб келмоқда.

Семинар сўнгида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан иштирокчи устозлар самимий қутланди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

    Бошқа янгиликлар