АсосийJamiyat

АГТКС, АГҚС ва АЁҚСлар ҳудудида санитария-гигиена ва савдо шохобчалари қурилади

'АГТКС, АГҚС ва АЁҚСлар ҳудудида санитария-гигиена ва савдо шохобчалари қурилади'ning rasmi

Аҳоли ва сайёҳлар учун қўшимча қулай шароит яратиш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (АГТКС), автомобилларга газ қуйиш станциялари (АГҚС) ва автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЁҚС)ни замонавий талабларга мувофиқ жиҳозлаш ва мослаштириш мақсадида 2019 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 793-сонли “Йўл бўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, АГТКС, АГҚС ва АЁҚС ҳудудида қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ савдо шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тез овқатланиш шохобчалари ва бепул Wi-Fi зоналарини ташкил қилиш тавсия этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати маълумот берди.

Қарорда қайд этилишича, 2020 йилнинг 1 мартига қадар жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берувчи санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди. Ҳужжат билан АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларда сенитария-гигиена шохобчаларини жиҳозлаш ва уларнинг мавжудлигини ўрганиш ҳамда мониторингини йўлга қўйишга йўналтирилган республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Ҳудудий ишчи гуруҳлар 2019 йил 15 ноябргача АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларни уларнинг молиявий хўжалик фаолиятига аралашмасдан, уларда санитария-гигиена шохобчаларининг мавжудлиги ҳамда санитария ва шаҳарсозлик нормалари талабларига мувофиқлиги бўйича тўлиқ хатловдан ўтказади.

Санитария-гигиена шохобчаларини ободонлаштиришга доир талабларни бажармаган ва аниқланган камчиликларни бартараф этмаган станцияларга газ ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш тўхтатилади, шунингдек лицензиясини бекор қилинишга доир чоралар кўрилиши мумкин. 2020 йил 1 мартга қадар АГТКС, АГҚС ва АЁҚСлар ҳудудида санитария ва шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидаларига жавоб берувчи санитария-гигиена шохобчаларини жиҳозлаш тўлиқ якунланади. 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар эса ҳудудларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, тез овқатланиш шохобчалари, Wi-Fi зоналари ва санитария-гигена узеллари билан таъминланган биттадан намунавий АЁҚС, АГҚС ва АГТКСлар ташкил этилиши лозим.

    Бошқа янгиликлар