Туркиялик таниқли блогер Неслижан Тай 21 ёшида саратон хасталиги сабаб вафот этди. Унинг вафоти мамлакат расмийлари томонидан ҳам қайғу билан қаршиланди. Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлу ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасига блогернинг суратини жойлаштириб, унинг оила аъзоларига ҳамдардлик тилади.
Неслижан Тай 2017 йил қишларида оёғида оғриқлар сеза бошлайди. Бир неча бор шифокорларга мурожаат қилади. Доимий равишда спорт билан шуғулланиб келган 18 яшар Тайга шифокорлар шунчаки пай чўзилиши билан боғлиқ ташхис қўядилар. Март ойига келиб текширув натижалари унинг саратон хасталигига чалинганини исботлайди.
Ўша йили Неслижан университетга кириш фикридан ҳам қайтади. Тўғрироғи, хасталик, даволаниш бунга имкон бермайди. Ўша йилнинг ўзида беш марта кимё терапиясини бошдан кечиради. Афсуски, ўзгариш яхши тарафга бўлмайди. Шифокорлар унинг чап оёғини кесиш орқали хасталикни даволаш йўлини танлайдилар.
У ўзининг YouTube’га жойлаштирган видеоларидан бирида шундай дейди:
“Операциядан чиққанимда ўзимни ҳамма нарсасини бой бергандек ҳис қилдим. Оёғимни, сочларимни йўқотдим. Энг ёмони саратоннинг яна қайтмаслигига кафолат йўқ. Тенгдошларим университетда ўқишни бошларкан, мен шифохонадан қора халтада кесилган оёғимни олиб уйга қайтдим. Аммо щз олдимга яшашда давом этишим керак деган мақсадни қўйдим.
Мен барибир яшашдан чарчамадим. Курашдим. 2018 йилнинг июнь ойида эса ҳаёт яна бир “совға”ни улашди. Менда яна саратон аниқланди. Бу сафар эса операция фойдасиз эди. Ўша кеча туни билан йиғладим.
Ҳаёт менга бу қадар синовларни бераркан, мен университетга киришни яна кечиктиришни тўғри деб билмадим. Ҳали қаддимни тутиб туришни эплолмай туриб, имтиҳонларга бордим ва университетга ўқишга қабул қилиндим. Истанбулга келиб жойлашдим, бир вақтнинг ўзи муолажалар давом этди”.
2018 йилнинг декабрь ойидан Неслижан YouTube’га илк видеосини жойлаштиради ва бу видео миллионлаб кузатувчилар томонидан томоша қилинади. Айни вақтда унинг доимий обуначилари 300 мингдан ортган.
Неслижан Тай саратон билан умрининг охирига қадар курашди. Куни кеча у яна шифохонага ётқизилди. Олиб борилган муолажалар натижа бермади. У 20 сентябрь оқшомида вафот этди. Унинг вафотидан кейин энг сўнгги видеоси эълон қилинди. Унда блогер саратондан қутилмаслиги ва ҳаётга қайтмаслигини бир кун ҳам ўйламагани, фақат ва фақат у билан курашгани ва ҳаётдан завқланиб яшашга ҳаракат қилганини айтади.






