Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ФВВ Ёнғин хавфсизлиги институтида «Ёнғинлар билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ва тергов қилишда назарий ва амалий билимлардан фойдаланиш муаммолари» мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси «Дастлабки тергов ва криминалистика» кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Азамат Тажиев, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов департаменти катта терговчиси, майор Отабек Бозоров, Тошкент давлат юридик университети «Фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал ҳуқуқи» кафедраси ўқитувчиси Абдумурад Хакбердиев, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза маркази Ёнғин-техник лаборатория мудири Якуб Рустемов, Ўзбекистон Республикаси ФФВ ЁХББ катта мухандиси, майор Мухиддин Саидов ҳамда Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институти профессор-ўқитувчилари, Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этди.
Ушбу давра суҳбатини ўтказишдан мақсад – Республикамизда содир бўлаётган ёнғинлар билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш жараёнларида юзага келаётган муаммоларни назарий ва амалий билимлардан фойдаланиш орқали ечимини топиш ҳамда ёнғинлар билан боғлиқ жиноятларни аниқлашда давлат ёнғин назорати органларининг ички ишлар органларидаги суруштирув ва тергов хизматлари билан ўзаро ҳамкорликларини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Давра суҳбатида Ёнғинлар билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда назарий ва амалий билимлардан фойдаланиш муаммолари, ёнғинлар билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш тактикаси, ўт қўйиш орқали мулкни қасддан нобуд қилиш билан боғлиқ ёнғинлар тадқиқоти ҳамда ёнғин билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилишда иш ҳолатидан келиб чиққан ҳолда суд ёнғин–техникавий, судга оид кимёвий, суд қурилиш-техникавий, суд-товаршунослик, портлаш техникаси экспертизалари, шунингдек, иш ҳолатидан келиб чиқиб, бошқа турдаги экпертизалар тайинланиши борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланишича, аввалги қонунчилимизда Жиноят процессуал кодексининг 38-моддасининг 5-қисмига асосан, Давлат ёнғин назорати органлари – ёнғинларга доир ва ёнғинга қарши қоидаларни бузганликка доир ишлар бўйича суриштирув органлари ҳисобланган, ҳозирда эса Давлат ёнғин назорати органларида ҳар бир содир бўлган ёнғин бўйича муфассал терговга қадар текширув ишлари олиб борилади.
Фарҳоджон Хожаев, Ёнғин хавфсизлиги институти ОАВ билан ишлаш бўйича катта инспектор, капитан.






