Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев “Даракчи” газетаси ўқувчиларини кириб келаётган янги йил байрами билан самимий қутлади:
- Мен нафақат ўзим, балки санъаткорлар оиласи сифатида бутун оилам номидан “Даракчи” газетаси ўқувчиларини ва ижодкорларини кириб келаётган янги йил билан қутлайман. Ушбу газета оиламиз аъзоси десам хато бўлмайди. Чунки ҳар ҳафта хонадонимиз меҳмони бўлади. Келгуси йилда ҳам ўқувчилар эътиборидан қолмаслигини тилайман.
Л.Саъдуллаев darakchi.uz мухбири билан бўлиб ўтган суҳбатда телетомошабинларнинг энг севимли дастурларидан бири “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” маънавий-маърифий дастурини қайта тиклаш ниятида эканлигини маълум қилди.
Л.Саъдуллаевнинг таъкидлашича, ушбу дастурнинг яна эфир юзини кўриши “Кексаларни эъзозлаш йили”да нафақат ёши улуғ инсонларнинг панд-насиҳатларининг экранга олиб чиқилишини, балки ёшларнинг бугунги тарбияси, уларнинг одоб-ахлоқининг юксалишини ҳам таъминлайди. Устоз санъаткор ушбу дастурни янги нодавлат телеканал “MY5” орқали эфирга узатиш мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, ушбу канал ўз дастурларини эфирга узата бошлаши билан юлдуздек порлаб чиқди. Барча телетомошабинларни бир вақтнинг ўзида атрофига жамлай олди.






