"Тошкентгазтаъминот" унитар корхонаси Тошкент вилояти бўйича қарздорлар тўғрисида маълумот берди. Маълум бўлишича, Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари, Зангиота, Оҳангарон, Пискент туманларида газдан қарздор шахслар орасида мансабдорлар кўпчиликни ташкил этади, деб ёзмоқда uz24.uz.
Унитар корхонанинг газ сотиш ва уни ҳисобга олиш хизмати етакчи муҳандиси Мирсалим Исмоиловнинг айтишича, аҳоли фойдаланган табиий газ ҳақини вақтида тўламаяпти, тузилган шартнома мажбуриятларини бажармаяпти. Қарздорлар рўйхатида раҳбарларнинг, бюджет ташкилотларида ишлайдиганларнинг борлиги ажабланарли ҳол.
Бу ҳақда “Тошкент ҳақиқати” газетасида чоп этилган “Мансабдорларга қарздорлик ярашмайди” сарлавҳали мақолада қайд этилишича, зангиоталик қарздорларнинг бири номдор фермер, яна бири яхши даромадли корхона раҳбари... "Ислом Файз барака", "Аброр Ҳожиакбар файз", "Абдуазим агро", "Саид Мурод меҳрибон" каби тадбиркорлик субъектлари раҳбарларининг қарзи айниқса салмоқли.
Шунингдек, мақолада Оҳангарон туманидаги мактаб, коллеж, стоматология поликлиникаси, фермерлар уюшмаси, бандликка кўмаклашиш маркази, ветеринария бўлимида ишлаётган раҳбарлар қарздорлар рўйхатида етакчилик қилишаётгани, чирчиқлик айрим истеъмолчилар соғлиқни сақлаш ва таълим даргоҳларида масъулиятли лавозимларда ишласаларда, коммунал тўловлардан қарзларини тўлашни пайсалга солаётгани ҳамда пискентлик "казо-казолар" ҳам газдан қарздор экани ошкор этилади.
Бу ҳолатни мақола муаллифи мансабдорлар ўртасидаги “қарздорлик бўйича кимўзар мусобақасига” тенглаштиради. “Қарзлари миллион сўмдан ошган одамлар қандай тинч ухлашади? Улар туман ва вилоятнинг коммунал тўлов бўйича кўрсаткичларини қанчалар ортга тортаётганларини билишармикин?”, - деб савол беради муаллиф.
Дебитор қарздорликни камайтириш учун қарздорларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, суд идораларига топширишни изчил йўлга қўйиш ва катта қарзлари бор истеъмолчиларни таъминотдан узиш орқали тўловларни ундириш талаб этилади.
Қайд этилишича, исм-шарифи ва қарзи кўрсатилган рўйхатда мансабдор шахслар деярли 30 нафарни ташкил этади.





