Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг Наманган вилояти бўлими томонидан ҳудуддаги бозорлар фаолиятини янада яхшилаш бўйича қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилди.
Шу йилнинг ўтган даври мобайнида бўлим ходимлари томонидан вилоят бозорлари ҳудудида 562 маротаба назорат тадбирлари ва 162 та қисқа муддатли текширишлар ўтказилди. Қисқа муддатли текширишларда 162 та ҳолатда назорат касса машинасидан фойдаланмаслик, 96 та ҳолатда нақд пулларни банк кассасига топширмаслик, 110 та ҳолатда ҳисоб-китоб терминаллари орқали савдо тартибини бузиш, 124 та ҳолатда – 453 миллион сўмлик кирим ҳужжатларисиз маҳсулот сотиш каби ҳуқуқбузарликлар аниқланди. Бу ҳақда uz24.uz нашри Давлат Солиқ қўмитасининг ахборот хизмати маълумотларига таяниб, хабар беради.
Шунингдек, бўлим томонидан Наманган синов ва сертификатлаш маркази, вилоят давлат санитария эпидемиология маркази, вилоят ИИБ ЁҲХБ, ветеринария бошқармаси билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар орқали сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган уй иситиш анжомлари ва мосламалари сотилишининг олдини олишга эришилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 8 ҳолатда қарийиб 6 миллион сўмдан ортиқ ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган уй иситиш анжомлари ва суюлтирилган газ сақлаш учун мўлжалланган идишлар далилий ашё сифатида олиниб, суд қарорлари билан йўқ қилинди.





