“Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом”га айрим ўзгаришлар киритилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази расмий сайти хабар беради.
Унга кўра, биринчидан, жавоблар варақасида аввал мавжуд бўлган “Олий таълим муассасаси коди”, “Танлов коди” олиб ташланди ва фақат “Махсус код” қолдирилди. Бу абитуриентнинг кодларни алмаштириб бўяш ёки нотўғри бўяш каби хатоликларга йўл қўйишнинг олдини олишда ёрдам беради, жавоблар варақасини расмийлаштириш учун кам вақт сарфланишини таъминлайди.
Иккинчидан, саволларга жавоб белгиланадиган доирачалар 1 дан 108 гача бўлган кетма-кет сонлар билан рақамланди. Бу абитуриент томонидан фан блокларини, саволларни алмаштириб бўяш каби хатоликларни олдини олишда ёрдам беради.
Учинчидан, абитуриент ҳақидаги маълумотларни киритиш ва имзо ўрни жавоб бўяладиган доирачалар билан битта бетга (барча огоҳлантирувчи ёзувлар иккинчи бетга) жойлаштирилди.
Шу билан бирга, саволлар китоби бўйича ҳам қуйидаги ўзгариш киритилди:
Саволлар китобида берилган саволлар рақамлари кетма-кетликда рақамланди. Масалан, учта фан блоки мавжуд бўлган саволлар китобида биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан 37 дан 72 гача, учинчи фан 73 дан 108 гача сонлар шаклида рақамланди.
Бу абитуриент томонидан саволлар китобида тўғри деб танлаган жавобларини жавоблар варақасида бўяшда йўл қўйилиши эҳтимоли юқори бўлган, масалан блокларни алмаштириб бўяш, саволларни алмаштириб бўяш каби хатоликларни олдини олишда ёрдам беради.





