Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан Наврўз умумхалқ байрами доирасида уюштирилган мазкур фестиваль МДҲ давлатлари дизайнерлари ва модельерларини Шаҳрисабзда жамлади. Унда Ўзбекистоннинг “Raʼno collection”, “Sindor collection”, “Mohigul”, “Bukhara brilliant silk”, “Banoras”, “Guzal collection”, “Istorakhan”, “Nataly Kondra”, “Nodirabegim”, “Iroda Agzam Xoja”, “Dilorom collection”, “Azima”, “Kafa” брендлари остида иш олиб бораётган дизайнерлар билан бир қаторда, Россиянинг “Asian spirit”, Озарбайжоннинг “Gulnara Khalilova”, Туркманистоннинг “Ayna izbasar”, Қирғизистоннинг “Kate Zabolotnova”, Қозоғистоннинг “Aynurа Maidanova”, Грузиянинг “Кетисашвили Мари” брендлари ўзларининг миллий либослар коллекциялари билан иштирок этишди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" нашри маълум қилмоқда.
Фестивал доирасида Шаҳрисабз шаҳри тарихий марказида ўзбек миллий либослари, урф-одатлари, таомлари кўргазмалари, сумалак сайиллари, дорбозлар ва полвонлар мусобақалари, фольклор дасталарнинг чиқишлари, миллий таомлар тайёрлаш маҳорат дарслари, хорижий дизайнерлар томонидан ёш дизайнерлар учун маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Халқаро фестивалда дизайнерлар ишларини баҳолашда Россия, Беларусь, Қозоғистон ва ўзбекистонлик экспертлар қатнашди. Унда қирғизистонлик дизайнерлар Катя Заболотнова ҳамда Алия Эдилова, Ўзбекистондан Ирода Агзамхужа, туркманистонлик Айна Избасар “Олтин игна соҳиби” бўлишди. Шунингдек, қирғизистонлик Шахзада Балтабаева “Bibihanum Award”, Ўзбекистон вакилалари Кумушхон Мадумарова “Miss Shahrisabz”, Диёра Камолова “Top Model”, Ситора Исломова “Fest Girl” номинациялари бўйича совриндорлар сафидан жой олишди.

Фестивал доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси” нодавлат ташкилоти ўртасида “Таълим ва туризм алмашинуви “Халқ дипломатиясини” ривожлантириш учун Ўзбекистонда ва ШҲТ мамлакатларида маданий ва ижодий тадбирларни мунтазаб ўтказиб бориш тўғрисида” меморандум имзоланди.






